Париж шаҳрида Франциянинг “Orano Mining” компанияси, Япониянинг “ITOCHU” корпорацияси ва Ўзбекистоннинг “Navoiyuran” давлат корхонаси ўртасида уч томонлама келишув имзоланди.

Келишувга кўра, Навоий вилояти Томди тумани ҳудудида жойлашган “Жонгелди” конида 2025 йил якунига қадар уран ишлаб чиқаришни бошлаш ҳамда амалга оширилаётган бошқа қўшма лойиҳалар асосида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш кўзда тутилган.

Мазкур битим томонлар салоҳиятини бирлаштирган ҳолда, лойиҳани ривожлантиришга қаратилган янги ечимлар тақдим этиш имконини яратади.

“Жонгелди” конини ўзлаштиришнинг биринчи босқичида, дастлабки ҳисоб-китобга кўра, умумий капитал қўйилма миқдори 3 йил давомида 214 миллион долларни, йиллик уран қазиб олиш миқдори ўртача 500 тоннани ташкил этиши кутиляпти.

Келишув шартида асосий сармоядорлар сифатида хорижий компаниялар кўрсатилган. Уран қазиб олиш таннархини камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнини корхонамиз мавжуд саноат қувватига интеграция қилиш мақсадида бошқарувчи оператор этиб “Navoiyuran” ДК этиб белгиланмоқда.

Мазкур узоқ муддатли ҳамкорлик соҳага инвестиция жалб этиш жараёнини тезлаштириш ва яна бир қатор муҳим йўналишларда биргаликда иш олиб бориш имкониятини кенгайтиради.

Франциянинг ядровий материаллар соҳасидаги етакчи халқаро компанияси – “Orano Mining” уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда ядровий ёнилғи туркумининг барча босқичларида юқори қийматли ечимлар таклиф этади.

Хавфсизлик, инновация ва барқарор ривожланиш тамойилига содиқ қолган ҳолда, ядровий энергиянинг глобал келажагини таъминлашга ҳисса қўшади.

Япониянинг “ITOCHU” корпорацияси дунёдаги етакчи савдо ва инвестиция компаниялардан бири сифатида металл, минерал, энергетика ва саноат соҳаларидаги йирик лойиҳаларда иштирок этади. Корхона айни пайт жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун инновацион ечимлар жорий қилиб келмоқда.