Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси, авиакомпания вакиллари ҳамда икки мамлакатнинг туризм ва ишбилармон доираларидан иборат вакил иштирокида янги йўналиш тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатлари жадал ривожланиб, кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Тошкент–Ҳайдаробод авиақатновининг йўлга қўйилиши Ҳиндистон Бош вазирининг 29–30 август кунлари Тошкентга ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси эканини қайд этди.

Парвозлар ҳафтасига икки марта “Airbus A320neo” самолётларида амалга оширилиши айтиб ўтилди. Ҳайдаробод “Centrum Air” авиакомпаниясининг Деҳлидан кейинги иккинчи ҳинд йўналишига айланади.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, меҳмонхона инфратузилмаси ва дам олиш масканлари ҳам таништирилди. Сўнгги беш-олти йил ичида Ҳиндистондан келаётган сайёҳлар сони бир неча баробарга ошгани қайд этилди.

Икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Уларда ҳиндистонлик вакиллар Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, тегишли келишувларга эришди.