Учрашувдан аввал Исроил элчиси Президент мактабида ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Зехавит Бен-Гилел учрашув доирасида Агентликнинг иқтидорли ёшларни ўқитиш ва тасарруфидаги мактабларни ривожлантириш бўйича режалари билан танишди.

Агентликнинг асосий мақсади иқтидорли ёшларни танлаб олиш ва уларнинг таҳсил олиши ҳамда иқтидорларини ривожлантириш учун керакли шароитлар яратишдан иборатдир.

Таъкидландики, Агентлик 2021 йил давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яна 10 та Президент мактаби очишни режалаштирган.

Исроил элчиси Президент мактаби лойиҳасидан ҳайратда эканлигини айтди. У Исроил Агентлик билан, жумладан МАШАВ орқали ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга манфаатдор эканлигини айтди.

Шунингдек, Исроил томони икки мамлакат ёшлари ўртасида ҳамкорлик ва алмашинувни ташкил этишни таклиф қилди. Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва Исроил ёшлари қўшма лойиҳаларни амалга оширишади.

Томонлар ўзбекистонлик ўқитувчилар учун турли малака ошириш курсларини ташкил этиш, Исроилдаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ёшлар учун синфдан ташқари дарсларни ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, учрашувда мутахассислар ва ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати.