Унда сенаторлар, дипломатлар, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Агостино Пинна ҳам қатнашди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев тадбирни очар экан, Ўзбекистон Италияни бетакрор тарихий-маданий меросга эга мамлакат ва айни вақтда дунёнинг салмоқли иқтисодий, илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳияти бор йирик саноат марказларидан бири деб билишини ҳамда Италиянинг халқаро майдондаги, хусусан, Европа Иттифоқи, G-7 ва G-20 доирасидаги самарали фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб боришини таъкидлади.

1992 йилдан бери ўтган давр ичида Ўзбекистон ва Италия ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг самарали механизмлари йўлга қўйилди.

Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда икки давлатнинг ташқи сиёсий идоралари ва парламентлари мулоқоти ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги, технологик ва саноат тараққиёти йўналиши учун масъул вазирлик ва агентликлар ўртасидаги алмашинувлар сезиларли жадаллашганини қайд этди.

Икки мамлакатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида давлатлараро савдода барқарор ўсиш кузатилмоқда, яқин йилларда бу кўрсаткич 1 миллиард долларга етиши кутиляпти. Қўшма саноат лойиҳалари, жумладан, «Danieli», «Pietro Fiorentini», «Wood» ва «Ferroli» каби Италия компаниялари билан ҳамкорлик кўлами ортиб боряпти.

Муҳокамалар жараёнида маданият, фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама алоқа ришталари алоҳида қайд этилиб, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги анъанавий дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар келгусида ҳам ушбу мамлакатларнинг халқлари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.