Ўзбекистон ва Италия кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Икки давлат ўртасида бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган дўстона муносабатлар сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга чиқди. Сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Икки мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил Ўзбекистон мустақиллиги тан олингани ва Италиянинг Тошкентдаги элчихонаси очилганидан бошлаб йўлга қўйилган. Ўтган 31 йил давомида ўзаро манфаатли ва истиқболли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратилди, ишончли сиёсий мулоқот ўрнатилди.
Италия технология, муҳандислик, саноат ҳамда бошқа соҳаларда жаҳонда етакчи ўринни эгаллагани сабабли Ўзбекистон бу давлатга катта қизиқиш билан қарайди. Кўп маротаба ўтказилган Ўзбекистон — Италия бизнес форумлари томонлар саноат кооперацияси ва савдо алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор эканини намоён этди. Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилда Италия билан ўзаро савдо ҳажми 381 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг январь–апрель ойларида бу кўрсаткич 155 миллион доллардан ошгани эътиборга молик.
Айни чоғда Италиянинг 54 йирик компанияси мамлакатимизда ўз лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширяпти. Улар орасида Тошкент металлургия заводи ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилган “Danieli”, “ақлли” газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошираётган “Pietro Fiorentini” ва “Terranova”, заъфарон ишлаб чиқариш бўйича ҳамкор “Opera Srl” сингари етакчи компаниялар бор. Шунингдек, бугунги кунда Италия билан энергетика, металлургия, қурилиш материаллари, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳалар пакетини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми кейинги йилларда икки баробар кўпайди. Металлургия, энергетика, электротехника ва бошқа тармоқларда Италиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк ҳисобланиб, шериклик нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга ва катта салоҳиятга эга давлат. Шу сабабли Италия мамлакатимизнинг замонавий ривожланишида иштирок этишни истайди ва кўп томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга тайёр.
Куни кеча Рим шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форум давомида жами 9 миллиард евродан зиёд қийматга эга инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзолангани икки мамлакат иқтисодиётига сезиларли фойда келтириши аниқ. Расмий Тошкент ва Рим ўртасидаги маданиятлараро мулоқот анча жадал ривожланмоқда. Айниқса, маданият, итальян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият бор. Қолаверса, фан-таълим, спорт, санъат соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Масалан, Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритаётган бўлса, Ўзбекистон уч йилдан буён Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келади.
Парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2011 йилдан буён Италия парламенти Депутатлар палатаси ва Сенати билан ҳамкорлик қилиш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида парламентлараро гуруҳлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, Италия парламентида “Италия — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи тузилган. Вазирлик ва идоралар даражасидаги алмашувлар ҳам янги суръат касб этаётир. Ҳамкорликнинг режалари ва йўл хариталари асосида идоралараро ўзаро муносабатлар фаол амалга оширилмоқда.
2021 йил 5 февраль ва 21 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Италия парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзолари вa Италия парламентининг “Италия — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи ўртасида онлайн учрашувлар ўтказилган.
Бугун стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгач, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мисли кўрилмаган юксак даражага чиқди. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон — Италия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги муҳим босқичнинг бошланишидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла таклифига биноан шу йил 7–9 июнь кунлари ушбу давлатга ташрифи тарихий воқеа бўлиб, икки томонлама муносабатларни барча йўналишларда жадал ривожлантиришда янги саҳифа очди. Рим шаҳридаги Квиринал саройида бўлиб ўтган музокаралар чоғида давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди. Шунингдек, гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф чоғида етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакиллар маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти муваффақиятли фаолият юритмоқда. Охирги бир неча йилда ҳамкорлик портфели уч баробар кенгайди ва бугунги кунда ер ва сувдан фойдаланиш, агросаноат мажмуи, ўрмон хўжалиги, экология, чорвачилик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.
Глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигига хатарлар кучайиб бораётган шароитда шерикликни янада кенгайтиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор. Италияга расмий ташрифнинг биринчи кунида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти офисида бош директор Цюй Дунъюй билан бўлиб ўтган учрашув чоғида ҳам бу яққол аён бўлди. Ц.Дунъюй Ўзбекистонда аграр соҳани модернизация қилишга қаратилган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Италия ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италияга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларда олдинга ташланган дадил қадам бўлди. Унинг доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистон – Италия муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.
Ботирбек Тўразода,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати