Геосиёсий кескинлик, глобал қиймат занжирларининг қайта конфигурацияси, протекционизмнинг қайта тикланиши ва технологик суверенитетга интилиш шароитида давлатлар учун халқаро савдо тизимидаги институционал мақом янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш жараёни оддий ташқи савдо сиёсати ислоҳоти эмас, балки мамлакатимизнинг бутун иқтисодий модели, давлат-бизнес муносабатлари ва глобал иқтисодий макондаги ўрнини қайта белгилаб берувчи стратегик қарор сифатида намоён бўлмоқда.
2025 йил мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиш тарихида сифат жиҳатидан мутлақо янги босқич сифатида алоҳида ажралиб туради. Бу йил аввалги даврларда тўпланган музокара тажрибаси, институционал билим ва сиёсий ирода аниқ, ўлчанадиган ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинадиган натижаларга айланди.
Муҳим жиҳати, ЖСТга аъзолик “имтиёз” ёки “марҳамат” сифатида эмас, балки қоидаларга асосланган, ўзаро манфаатли (win-win) ҳамкорлик механизми сифатида қабул қилинмоқда. Бу ёндашув мамлакатимизнинг музокаралардаги позицияси, қонунчилик ислоҳотларининг кўлами ва сиёсий риторикасида яққол акс этмоқда.
ЖСТга аъзо бўлиш ҳар қандай ривожланаётган иқтисодиёт учун икки томонлама таъсирга эга жараён. Бир томондан, у ташқи бозорларга барқарор ва прогноз қилинадиган кириш имкониятини таъминлайди, инвестицион муҳитни яхшилайди ва миллий экспортчилар учун дискриминация хавфини пасайтиради. Иккинчи томондан эса ички бозор рақобатининг кучайиши, давлат қўллаб-қувватлаш инструментларининг чекланиши ва институционал ислоҳотлар билан боғлиқ адаптация харажатларини келтириб чиқаради.
ЖСТга қўшилиш иқтисодиётни хомашё экспортига боғлиқликдан халос этиш, саноат ва хизматлар соҳасида рақобатбардошликни ошириш, хорижий инвестициялар учун институционал кафолатларни мустаҳкамлаш, ташқи савдо сиёсатида шаффофликни таъминлаш каби стратегик мақсадлар билан узвий боғлиқ. 2025 йилга келиб, мазкур мақсадлар декларатив эмас, балки норматив-ҳуқуқий ва музокаравий жиҳатдан аниқ контурларга эга бўла бошлади.
Халқаро тажрибага кўра, ЖСТга қўшилиш жараёнлари кўп ҳолларда йиллаб давом этади, айрим мамлакатлар учун эса сиёсий ёки институционал сабабларга кўра тўхтаб қолади. Ўтган йил биз учун ана шу хавфларни минималлаштирган, жараённи “қайтариб бўлмас нуқта”га олиб чиққан йил бўлди.
2025 йилнинг ўзига хослиги музокаралар интенсивлигининг кескин ошиши, Қонунчилик ислоҳотларининг тизимли характер касб этиши, энг юқори сиёсий даражада очиқ қўллаб-қувватлаш, техник салоҳиятнинг ошиши каби омиллар билан изоҳланади.
Ортда қолган йилда амалга оширилган ишлар натижаси эмпирик кўрсаткичлар билан ҳам тасдиқланади: ўнлаб музокара раундлари, юзлаб ёзма саволлар, мингдан ортиқ норматив ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва ўттиздан зиёд қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши.
ЖСТга қўшилиш жараёни фақат техник мажбуриятлар йиғиндиси эмас, балки мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий обрўсига берилган баҳодир. 2025 йилда юртимизга нисбатан халқаро ҳамжамиятнинг муносабатида сезиларли силжиш кузатилди. Бу, аввало, йирик савдо ҳамкорлари — Европа Иттифоқи, Хитой, Буюк Британия, Россия, Канада ва Австралия билан икки томонлама келишувларнинг якунланиши орқали намоён бўлди.
Бу давлатлар ЖСТ доирасида энг талабчан ва тажрибали музокарачи сифатида тан олинади. Улар билан келишувга эришиш бизнинг нафақат сиёсий хоҳишимизни, балки институционал тайёргарлигимизни ҳам тасдиқлади. Шу билан бирга, Женева ва Нью-Йоркдаги юқори даражадаги мулоқотлар, халқаро анжуманлар ва Президент Администрацияси раҳбарининг ЖСТ марказига расмий ташрифи жараёнга қўшимча сиёсий легитимлик берди. Халқаро амалиётда бу каби ташрифлар музокараларни тезлаштирувчи “сиёсий сигнал” сифатида қабул қилинади.
Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида икки томонлама бозорга кириш музокаралари (bilateral market access negotiations) номзод мамлакат учун энг мураккаб ва сиёсий жиҳатдан сезгир босқич ҳисобланади. Айнан ушбу музокаралар доирасида аъзо давлатлар номзод мамлакатдан тарифлар, хизматлар бозори, инвестиция режими ва айрим ҳолларда экспорт божлари бўйича аниқ ва ўлчанадиган мажбуриятлар талаб қилади.
Якунланган йилда Ўзбекистон айнан шу фронтда сифат жиҳатидан катта ютуққа эришди. 34 та манфаатдор ЖСТ аъзосидан 33 таси билан икки томонлама келишувларни якунлаш — халқаро амалиёт нуқтаи назаридан жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади. Кўплаб мамлакатлар учун бу жараён ўн йиллаб чўзилгани, баъзилари эса сиёсий сабабларга кўра музокараларни тўлиқ якунлай олмагани маълум.
Ўзбекистон ҳолатида эса икки муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш мумкин. Биринчиси, музокаралар интенсив ва тизимли характер касб этган бўлса, иккинчиси, келишувлар турли иқтисодий моделга эга давлатлар билан имзоланди. Бу эса Ўзбекистон таклиф этган бозорга кириш шартлари универсал ва мувозанатли эканини кўрсатади.
Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Буюк Британия, Канада, Швейцария ва Австралия каби йирик иқтисодиётлар билан икки томонлама келишувларнинг якунланиши тасодифий эмас. Бу давлатлар, одатда, ЖСТга қўшилаётган мамлакатлардан юқори стандартларни талаб қилади ва техник жиҳатдан жуда деталлашган музокаралар олиб боради.
Мазкур келишувларнинг аҳамиятини қуйидаги уч ўлчовда баҳолаш мумкин:
Биринчиси, тариф мажбуриятлари бўлиб, Ўзбекистон товарлар бўйича тариф жадвалларини шакллантиришда босқичма-босқич либераллаштириш тамойилини қўллади. Бу ички ишлаб чиқарувчилар учун “шок терапияси” эмас, балки адаптация даврини назарда тутувчи ёндашув эканини англатади.
Иккинчиси, хизматлар бозори ҳисобланиб, хизматлар соҳасидаги мажбуриятлар, айниқса, молия, телекоммуникация, логистика ва профессионал хизматлар сегментида, мамлакатимиз иқтисодиётининг ўрта ва узоқ муддатли рақобатбардошлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Келишувларда маҳаллий регулятор ваколатларини сақлаб қолган ҳолда бозорга киришни очишга ҳаракат қилинган.
Учинчиси, сиёсий ишонч. Йирик савдо ҳамкорлари билан келишувлар Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни “қайтариб бўлмас” босқичга кирганини халқаро ҳамжамиятга аниқ сигнал сифатида намоён қилди.
2025 йил якунига келиб, фақат битта икки томонлама музокаранинг очиқ қолгани жараённинг заиф нуқтаси эмас, балки аксинча, унинг деярли тугалланганини кўрсатади. Халқаро амалиётда айнан охирги музокаралар энг мураккаб бўлади, чунки улар кўп ҳолларда бозорга киришдан ташқари масалалар — геосиёсий ёки институционал омиллар билан боғлиқ.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов таъкидлаганидек, айрим протоколларнинг кечикиши бозорга кириш билан бевосита боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли юз бермоқда. Бу эса мамлакатимизнинг техник тайёргарлиги эмас, балки музокаралар циклининг ташқи омилларга боғлиқлигини кўрсатади. Муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон ушбу қолган музокарани ҳам 2026 йилнинг биринчи чорагида якунлаш имкониятига эга эканини очиқ билдирмоқда.
Икки томонлама келишувлар қанчалик муҳим бўлмасин, ЖСТга аъзоликнинг ҳуқуқий асоси кўп томонлама форматда — Ишчи гуруҳ (Working Party) доирасида шакллантирилади. Ишчи гуруҳ ҳисоботи номзод мамлакатнинг бутун савдо режимини комплекс баҳолайди ва аъзоликнинг “йўл харитаси” вазифасини бажаради.
Якунланган йилда Ўзбекистон ушбу фронтда ҳам сезиларли илгарилашга эришди. Жумладан, 200 дан ортиқ ёзма саволларга жавоб берилди, 1200 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизадан ўтказилди, 65 та расмий билдиришнома ЖСТ котибиятига тақдим этилди. Бу рақамлар фақат миқдорий кўрсаткич эмас. Улар мамлакатимизнинг институционал хотираси, техник салоҳияти ва регулятор шаффофлигининг ошганини англатади.
2026 йил арафасида Азизбек Урунов томонидан билдирилган “беихтиёр секинлашиш хавфи” ҳақидаги баёнот халқаро иқтисодий доираларда катта қизиқиш уйғотди. Бу хавфни икки хил талқин қилиш мумкин.
Биринчи талқин — институционал реализм. ЖСТ ишчи гуруҳлари муайян процедуралар асосида ишлайди ва айрим аъзо давлатлар томонидан берилаётган қўшимча саволлар жараённи сунъий равишда узайтириши мумкин.
Иккинчи талқин — музокаравий сигнал. Бу баёнот орқали Ўзбекистон аъзо давлатларга жараённи асоссиз кечиктирмаслик, фактларга таяниш ва сиёсий иродани ҳисобга олиш зарурлигини эслатмоқда.
Муҳими, Ўзбекистон бу хавфни баҳона сифатида эмас, балки очиқ мулоқот учун сигнал сифатида илгари суряпти. Бу ёндашув ЖСТ анъаналарига тўлиқ мос келади.
ЖСТга қўшилиш жараёни кўпинча ташқи савдо тарифлари билан боғлаб талқин қилинади. Аслида, аъзоликнинг энг чуқур таъсири ички регулятор муҳит орқали намоён бўлади. 2025 йилда қабул қилинган 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат айнан шу нуқтаи назардан баҳоланиши лозим.
Мазкур ҳужжатлар мазмунан учта асосий йўналишни қамраб олди. Биринчиси, савдони тартибга солиш ва божхона маъмуриятчилиги, иккинчиси, рақобат ва савдо ҳимоя воситалари, учинчиси, интеллектуал мулк, техник регламентлар ва SPS/TBT тизимларидир. Бу ерда гап фақат ЖСТ талабларини “расман бажариш” ҳақида эмас, балки давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қайта форматлаш ҳақида бормоқда.
ЖСТнинг Савдони енгиллаштириш тўғрисидаги битими (TFA) доирасида амалга оширилган ислоҳотлар биз учун стратегик аҳамиятга эга. Чунки мамлакатимиз географик жиҳатдан денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлат сифатида ташқи савдо харажатларига айниқса сезгир.
2025 йилда қабул қилинган қарорлар, яъни электрон декларациялашни кенгайтириш, рискларни бошқариш тизимини жорий этиш, транзит операцияларини соддалаштириш қисқа муддатда экспорт-импорт операцияларининг нархини пасайтиришга хизмат қилади. Бу эса рақобатбардошликни тарифлар эмас, логистика самарадорлиги орқали ошириш имконини беради.
ЖСТ доирасида экспорт божлари алоҳида сезгир масала ҳисобланади. Ўзбекистонда ушбу инструмент тарихан ички бозорни ҳимоя қилиш ва қўшимча қайта ишлашни рағбатлантириш воситаси сифатида қўлланган.
2025 йилдаги ислоҳотлар бу соҳада эволюцион ёндашув танланганини кўрсатди. Яъни экспорт божларини кескин бекор қилиш эмас, балки уларни ЖСТ қоидаларига мувофиқ шаффоф ва прогноз қилинадиган механизмга айлантириш. Бу ёндашув ички ишлаб чиқарувчилар учун адаптация имконини сақлаб қолган ҳолда халқаро мажбуриятларни бажаришга йўналтирилган.
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва техник регламентлар соҳасидаги ислоҳотлар ЖСТга қўшилиш контекстида кўпинча иккинчи даражали масала сифатида қабул қилинади. Аслида, айнан шу соҳалар иқтисодиётнинг юқори қўшилган қиймат сегментларига чиқиш имкониятини белгилайди.
2025 йилда патент ва муаллифлик ҳуқуқи тизими янгиланди, техник регламентлар халқаро стандартларга уйғунлаштирилди, SPS ва TBT тизимларида институционал масъулият аниқ белгилаб берилди. Бу ислоҳотлар экспортни фақат ҳажм жиҳатдан эмас, сифат жиҳатдан ҳам диверсификация қилиш учун замин яратади.
ЖСТга аъзолик иқтисодий тараққиётнинг автоматик кафолати эмас. У имкониятлар ва чекловлар тўпламини таклиф этувчи институционал платформа. Биз учун аъзоликдан кейинги даврда камида учта асосий сценарийни кўриб чиқиш мумкин. Биринчиси, фаол интеграция ва экспорт диверсификацияси (оптимистик). Бу сценарийда биз ЖСТ аъзолигидан стратегик инструмент сифатида фойдаланамиз.
Асосий хусусиятлар саноат ва хизматлар экспортида янги бозорларга чиқиш, хорижий инвестициялар оқимининг ошиши, миллий компанияларнинг глобал қиймат занжирларига қўшилишида намоён бўлади.
Мазкур сценарийнинг амалга ошиши учун рақобат сиёсати ва суд тизимининг самарали ишлаши, давлат корхоналарининг бозор тамойиллари асосида фаолият юритиши, экспортни рағбатлантириш сиёсати ЖСТ қоидаларига мос равишда қайта форматланиши муҳим.
Иккинчиси, институционал мослашув, лекин чекланган иқтисодий эффект (инерцион). Ушбу сценарийда ЖСТга аъзолик формал жиҳатдан муваффақиятли якунланади, аммо иқтисодий натижалар чекланган бўлади. Бунда тариф ва регламентлар мослаштирилади, лекин рақобат муҳити тўлиқ шаклланмайди, айрим соҳаларда монопол тенденциялар сақланиб қолади.
Бу сценарий кўплаб ривожланаётган мамлакатлар тажрибасида кузатилган ва у ЖСТ аъзолигини “паспорт” сифатида қабул қилиш хавфини акс эттиради.
Учинчиси, ички қаршилик ва адаптация харажатларининг ортиши (хавфли). Бу энг ноқулай сценарий ҳисобланади, аммо уни инкор этиб бўлмайди. Ушбу ҳолатда ички ишлаб чиқарувчилар рақобатга тайёр эмас, ижтимоий норозилик кучайиши мумкин, давлат қўллаб-қувватлаш инструментларининг чекланиши қисқа муддатда салбий таъсир кўрсатади.
Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 2025-2026 йилларда амалга ошираётган босқичма-босқич ислоҳотлар айнан шу сценарийни олдини олишга қаратилган.
Ўтган йилда Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш йўлида техник, институционал ва сиёсий жиҳатдан тарихий бурилиш нуқтасига етди. 2026 йил бу жараённи ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аъзоликдан кейинги даврга тайёргарлик кўриш йили бўлади.
Агар 2025 йил ЖСТга қўшилиш жараёнида сиёсий ва техник бурилиш йили бўлган бўлса, 2026 йил ушбу жараённи ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан якунлаш йили сифатида тарихга кириши мумкин. Бу ерда гап янги концепциялар ёки музокара форматлари ҳақида эмас, балки аллақачон келишиб олинган мажбуриятларни аниқ, изчил ва ўз вақтида мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда.
Расмий режаларга кўра, 2026 йилда Ўзбекистон олдида тўртта стратегик вазифа туради. Булар — қолган ягона икки томонлама музокарани якунлаш; Ишчи гуруҳ доирасида кўп томонлама музокараларни тугатиш; Working Party Report’ни тўлиқ шакллантириш; Миллий қонунчиликни қабул қилинган барча мажбуриятларга мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Бу вазифаларнинг ҳар бири техник кўринишда бўлса-да, амалда юқори даражадаги сиёсий мувофиқлашув ва институционал интизомни талаб қилади.
Жорий йилда қабул қилиниши режалаштирилган 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат сони эмас, балки уларнинг мазмуни ва ижро механизми ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
2026 йил март ойида ўтиши режалаштирилган ЖСТнинг 14-Вазирлар конференцияси биз учун рамзий ва амалий аҳамиятга эга. Кўплаб аъзо давлатлар, жумладан, Ўзбекистон раҳбарияти айнан шу санагача жараённи якунлаш мумкинлигини таъкидлаб келмоқда.
Жаҳон савдо ташкилоти консенсус асосида ишлайдиган тузилма ҳисобланади. Бу унинг кучли жиҳати билан бирга заиф нуқтасидир. Айрим аъзо давлатлар қўшимча саволлар бериш орқали вақт ютса, сиёсий ёки геоиқтисодий манфаатларини илгари сурса, номзод мамлакатдан ЖСТ доирасида мавжуд бўлмаган мажбуриятларни талаб қилса, жараён объектив бўлмаган ҳолда секинлашиши мумкин.
Бизнинг ҳолатда 2025 йилда берилган кўплаб саволлар мазмунан аввал муҳокама қилинган масалаларга қайтиш билан боғлиқ экани таъкидланди. Бу эса институционал чарчоқ (process fatigue) хавфини келтириб чиқаради.
Ҳақли савол туғилади: иқтисодий нуқтаи назардан кечикиш нимага олиб келади? ЖСТга аъзоликнинг кечикиши иқтисодий фалокат эмас, аммо у имкониятлар қийматини оширади.
Асосий оқибатларда айрим экспортёрлар учун ноаниқлик сақланиб қолади, инвесторлар “кутиш позицияси”ни танлаши мумкин, давлат ислоҳотларининг ички қўллаб-қувватланиши сусайиши хавфи пайдо бўлади.
Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 2025-2026 йилларда амалга оширган ислоҳотлари билан ушбу хавфларни минималлаштириш имконига эга.
Муҳим стратегик жиҳат шундаки, бизда ЖСТга қўшилиш учун реал муқобиллик мавжуд эмас. Минтақавий ёки икки томонлама савдо келишувлари ЖСТ аъзолигининг ўрнини боса олмайди. Шу боис, мамлакатимизнинг позицияси мантиқий ва изчил.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш кўп ҳолларда давлатлар учун “қоидаларни қабул қилиш” босқичи сифатида талқин қилинади. Бироқ мамлакатимиз мисолида аъзоликдан кейинги даврни фақат мажбуриятлар ижрочиси сифатида тасаввур қилиш етарли эмас.
Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро музокараларда намоён этилган мувозанатли ва қатъий позиция, шунингдек, давлат сиёсатидаги янгича сиёсий риторика Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимида ўз ўрнини аниқ белгилаб олаётганини яққол кўрсатмоқда. Бу жараёнлар мамлакатимизнинг пассив кузатувчи эмас, балки Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини фаол ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда талқин қиладиган, ривожланаётган иқтисодиётлар овози ва манфаатларини ифода этувчи, энг муҳими, минтақавий интеграция билан глобал савдо тизими ўртасида мустаҳкам ва ишончли “кўприк” вазифасини бажара оладиган таъсирчан аъзо бўлишга интилаётганини англатади.
Бу роль, айниқса, Марказий Осиё учун стратегик жиҳатдан ўта долзарб. Сабаби бугунги кунда минтақада ЖСТ қоидаларини тўлиқ ва тизимли равишда институционал даражада илгари сура оладиган барқарор иқтисодий марказ ҳали шаклланмаган. Ана шу шароитда Ўзбекистон ушбу бўшлиқни тўлдириш, минтақада савдо қоидалари ва ёндашувларини мувофиқлаштирувчи таянч давлатга айланиш салоҳиятига эга эканини намоён этмоқда.
ЖСТга аъзо бўлиш масаласи фақат миллий иқтисодиётимиз доирасида чекланиб қолмайди. У бутун Марказий Осиё савдо архитектурасига кенг қамровли, мультипликатив таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим омил сифатида майдонга чиқмоқда. Айнан шу жараёнда Ўзбекистон “норматив экспортёр” сифатида майдонга чиқиши мумкин. Яъни мамлакатимиз ўз қонунчилик базаси, савдо тартиб-таомиллари ва институционал амалиёти орқали нафақат ички бозорни, балки қўшни мамлакатлар бозорларини ҳам халқаро стандартларга мослаштиришга таъсир кўрсатадиган марказга айланиш эҳтимоли юқори.
Иқтисодий сиёсат нуқтаи назаридан энг катта хато ЖСТга аъзоликни ислоҳотлар жараёнининг якуни сифатида қабул қилишдир. Аслида, аъзолик рақобатни институционаллаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қайта белгилаш, хусусий сектор учун тенг ўйин қоидаларини таъминлаш каби жараёнларнинг бошланиш нуқтаси ҳисобланади.
Амалга оширилган ишлар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз раҳбарияти ЖСТга аъзоликни мақсад эмас, инструмент сифатида қабул қилмоқда. Бу эса халқаро амалиётда кам учрайдиган, аммо энг самарали ёндашувлардан бири ҳисобланади.
2025 йил Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш тарихида мазмун, натижа ва ишонч йили бўлди. Музокараларнинг деярли тўлиқ якунланиши, қонунчиликнинг тизимли мослашуви ва юқори даражадаги сиёсий қўллаб-қувватлаш жараённи сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
2026 йил эса ушбу натижаларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, институционал жиҳатдан тўлиқлаш ва Ўзбекистонни ЖСТнинг тўлақонли, масъулиятли аъзосига айлантириш йили бўлиши мумкин.
Ҳукумат ЖСТга аъзоликни фақат ҳуқуқий мақом сифатида эмас, балки узоқ муддатли институционал трансформациянинг бошланиш нуқтаси сифатида қабул қилган ҳолда, аъзоликдан кейинги давр учун алоҳида ва яхлит миллий стратегия ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, рақобат сиёсати ва мустақил суд тизимини ислоҳотлар архитектурасининг марказига қўйиш, давлат иштирокидаги корхоналарни эса бозор тамойиллари, очиқлик ва самарадорлик асосида босқичма-босқич трансформация қилиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хусусий бизнес эса ЖСТга аъзоликни янги чекловлар эмас, балки имкониятлар манбаи сифатида англаши лозим. Шу нуқтаи назардан, экспорт стратегияларини ЖСТ қоидаларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш учун стандартлаштириш, сертификатлаш ва сифат инфратузилмасига йўналтирилган инвестицияларни кенгайтириш долзарб вазифага айланади.
Халқаро молия институтлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар Ўзбекистонни Марказий Осиёда савдо ислоҳотларини илгари суришда таянч давлат сифатида қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ. Бунда техник ёрдамни фақат қонунчилик базасини уйғунлаштириш билан чеклаб қолмасдан, балки унинг амалдаги ижросини таъминлайдиган институционал салоҳият, кадрлар тайёрлаш ва бошқарув амалиётини мустаҳкамлашга йўналтириш алоҳида аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, ЖСТга қўшилишимиз ташқи савдо сиёсатидаги навбатдаги қадамгина эмас, балки мамлакатимизнинг глобал иқтисодий маконда ўз ўрнини онгли равишда қайта белгилашидир. 2025 йил тайёргарлик ва қарорлар йили бўлди. 2026 йил эса натижалар ва тарихий қарорлар йили бўлиши мумкин. Агар жараён сунъий тўсиқларсиз якунланса, мамлакатимиз иқтисодиёти янги институционал сифат босқичига кўтарилади.
Нодир ЖУМАЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Одилжон ИМИНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор