Томонлар Канада университети билан шериклик муносабатларини ўрнатиш масалаларини муҳокама қилиш баробарида, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Веб-тадбирда Оттава университети вакилларига мамлакатимизнинг барча жабҳаларда маҳаллий кадрлар тайёрлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш сиёсати ҳақида маълумот берилди. Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш масалаларига хорижий ҳамкорларнинг алоҳида эътибори қаратилмоқда. Дипломатик миссия раҳбари хорижий ҳамкорларнинг энг илғор тажрибасини тиббий таълим соҳасига янада кенг жалб этиш Ўзбекистон раҳбариятининг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.
Бернард Жасмин мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнини қутлаб, факультет биотиббиёт ва тиббиёт фанлари соҳасидаги тадқиқотлар натижаларига кўра мунтазам тарзда дунёнинг етакчи тиббиёт факультетлари қаторига киришини таъкидлади. Факультет таркибига тўртта илғор мактаб - тиббиёт мактаби, фармацевтика фанлари мактаби, эпидемиология ва соғлиқни сақлаш мактаби ҳамда биотиббиёт фанлари мактаби киради.
Деканнинг сўзларига кўра, факультет 100 га яқин йўналиш бўйича юқори сифатли бакалавр, магистр ва докторантура дастурларини, шунингдек трансляция тиббиёти ва молекуляр тиббиёт бўйича ихтисослашган бакалавр даражасини таклиф этади.
Факультет деканининг ўринбосари Марк Уокернинг сўзларига кўра, тиббиёт факультетида 3 минг 611 нафар профессор, 200 нафар маъмурий ходим, 200 нафар лаборатория ходими ишлайди. Бундан ташқари, Канададаги бешта касалхона ва олтита илмий-тадқиқот институти билан яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган.
Элчихона маълумотига кўра, ушбу факультетнинг асосий ютуғи бу -факультет негизида дунёда талаб юқори бўлган йўналишларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари унинг фаолияти устуворлигини таъминлайди. Факультет ҳар йили тадқиқотлар учун провинция, федерал ва халқаро манбалардан 140 миллион долларга яқин грант маблағларини олади. Ҳозирги вақтда профессор-ўқитувчилар мия, иммунитет ва юқумли касалликлар, юрак-қон томир тизими ва сунъий интеллектни ўрганиш каби соҳалардаги илмий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.
Бернард Жасмин фикрларига кўра, университетнинг устувор йўналишларидан бири инновацион тиббиёт соҳасида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат. «Биз халқаро таълим ва тадқиқот соҳасида етакчимиз. Европа, Осиё, Африка ва Яқин Шарқда илмий алоқаларни самарали ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз ва талабаларимиз ҳамда ўқитувчиларимиз учун глобал саломатлик соҳасида имкониятлар яратиш устида ишлаяпмиз», - деди декан.
Музокаралар натижасида Канада вакиллари Ўзбекистоннинг манфаатдор тиббиёт олий билим юртлари ва муассасалари билан замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада ўқитиш сифатини ошириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, ўзбекистонлик талабаларни магистратура ва докторантурага қабул қилишда ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мулоқот элчи Жавлон Ваҳобов ва Оттава университети президенти Жак Фремон ўртасида ўтган йи 21-24 ноябрь кунлари эришилган келишувлар доирасида уюштирилди. Оттава университети инглиз ва француз тилларида мутахассислар тайёрлайдиган йирик олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университет 1848 йилда ташкил этилган. Айни пайтда университетнинг 10 та факультетида 41 мингдан ортиқ талаба, жумладан 150 дан ортиқ мамлакатдан келган 7 мингдан ортиқ йиғит-қиз таҳсил олмоқда. Оттава университети Канадаги 8 та етакчи олий таълим муассасаси қаторига киради. Тиббиёт соҳасида мамлакатдаги энг илғор таълим тизимини таклиф қилмоқда.