Хусусан, Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги вакиллари билан ўтказилган ишчи учрашувларда Ўзбекистон Республикасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Охирги беш йил ичида товар айирбошлаш икки бараварга ошиб, 2021 йилда 1,8 миллиард долларга, 2022 йил январь-август ойларида эса 1,6 миллиард долларга етди. Икки давлат ўртасида Эркин савдо битимини имзолаш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Инвестициявий ҳамкорлик изчил кенгайтирилаётгани қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Корея компаниялари билан биргаликда умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган 100 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга ошириляпти. Томонлар долзарб муаммоларни ҳал этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ҳар ойда ўтказиладиган Ўзбекистон-Корея виртуал тижорат мулоқотига
асосланган янги ўзаро ҳамкорлик механизмини жорий этишга келишиб олдилар.
Кореянинг KTNet компаниялари ва Корея технологияларни ривожлантириш институти раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда «Ўзбекистонда Миллий электрон савдо майдончасини яратиш лойиҳасининг 4-босқичи» доирасида TradeUZ.com электрон савдо майдончасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, TradeUZ.com Миллий электрон тижорат платформасида айни пайтда 3 000 нафар ўзбекистонлик экспортёрлар, 10 000 нафар хорижий харидорлар, 5 000 дан ортиқ номдаги товарлар тўғрисида маълумотлар мавжуд. Ушбу сайт орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлар, жумладан, транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, кўпроқ мижозлар ва етказиб берувчиларни жалб этиш, ахборот мазмунини ва сонини ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Корея Эксимбанки ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ишчи учрашувлар ўтказилиб, уларда мавжудларини амалга ошириш масалалари, шунингдек, ушбу молия институтларининг Ўзбекистонда инвестиция иштирокини кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди. Томонлар таълим, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш йўналишларида умумий қиймати 50,6 миллион доллар бўлган 8 та лойиҳани, шунингдек, 2022-2024 йилларга мўлжалланган Молиявий – техник ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Учрашувлар якуни бўйича муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида кореялик ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар дастури шакллантирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.