Музокаралар натижасида турли хорижий давлатларнинг, шу жумладан Малайзия бандлик агентликлари ва салоҳиятли иш берувчилари Ўзбекистон меҳнат ресурсларига қизиқиш билдирмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти, мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Малайзиянинг Жоҳор штати бандлик агентликлари ассоциацияси (JAPS) ва “APLMC” компанияси вакиллари иштирок этган учрашувда икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, хусусан, Ўзбекистондаги меҳнат бозорини ўрганиш орқали фуқароларни Малайзиядаги йирик завод, фабрика, қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, Жоҳор штати бандлик агентликлари ассоциацияси Малайзиядаги хорижий мигрантларни иш билан таъминлаш бўйича йирик ташкилот ҳисобланади. У мамлакатда ушбу йўналишда фаолият юритувчи 46 та компанияни бирлаштирган ҳамда жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Непал, Бангладеш ва бошқа давлатларнинг ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

“APLMC” компанияси йирик саноат корхоналари, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги хўжалик субъектлари билан ҳамкорлик қилади.

Видеоалоқа шаклида ўтказилган учрашувда Малайзия ҳудудида Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилишнинг талаблари ва меҳнат шароитлари, икки мамлакатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашувини янада фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.