Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий дори воситалари ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ва уларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳамкорликнинг биринчи босқичи сифатида Ўзбекистон бозори учун гепатит C вирусига қарши “Daclatasvir” ва “Sofosbuvir” препаратларини ишлаб чиқаришни бошлашга келишиб олди. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш технологияларини босқичма-босқич Ўзбекистонга ўтказиш, мисрлик мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини мослаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, учрашувда мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш имкониятлари ва Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳамкорлик миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, импортга қарамликни камайтириш ва икки давлат ўртасидаги саноат кооперациясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, лойиҳалар аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика марказига айланиши йўлида муҳим аҳамият касб этади.