Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди, уларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, , ElAraby Group бош директори Муҳамед Маҳмуд Эл-Араби билан маиший техника ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболлари муҳокама этилди (компания Sony, Toshiba, Sharp, Hitachi ва NEC Япония брендлари остида 1 000 дан ортиқ турдаги маиший техника ишлаб чиқарадиган 26 заводга эга. Экспорт географияси дунёнинг 60 та давлатини қамраб олади. Активлар - 6 миллиард доллар). Музокаралар натижасида маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Orascom Investment Holding президенти Амжад Сабри билан учрашувда геология, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди (Мисрнинг энг йирик инвестиция компанияси. Инфратузилмавий лойиҳаларни қуриш ва шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания 12 мамлакатда 35 та меҳмонхонага эгалик қилади. Активлари - 10 миллиард доллар.). Тоғ-кон ва озиқ-овқат саноатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, меҳмонхона мажмуаларини қуриш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинди.

Orascom Construction компанияси билан музокаралар ташрифнинг иккинчи кунида давом этди (компания анъанавий ва қайта тикланадиган электр энергияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сув ресурсларини қайта ишлаш ва бошқариш соҳаларида 70 йиллик тажрибага эга). Бу сафар ушбу компания президенти Омар Бебарс билан аввал эришилган келишувлардан ташқари янги лойиҳавий ташаббуслар муҳокама этилди. Шу тариқа, Миср томони Ўзбекистонда кейинчалик унинг ҳудудида лак-бўёқ ҳамда қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширган ҳолда саноат паркини ташкил этиш, шунингдек, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун саноат корхоналари – компания ҳамкорларини жалб этишга қизиқишини билдирди.

Poliserve компанияси (кимёвий ўғитлар ишлаб чиқарувчиси ва Африка мамлакатларига энг йирик етказиб берувчи ҳисобланади) раиси Шериф Мустафо Эл-Габали билан учрашувда кимё саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар компаниянинг Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки истиқболларини таҳлил қилдилар.

ACDIMA компанияси (Мисрдаги энг йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиси. 1 000 дан ортиқ турдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Экспорт географияси дунёнинг 60 мамлакатини ўз ичига олади) раиси Олфат Ғораб билан фармацевтика саноатида саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятлари муҳокама этилди. «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Cottonil компанияси (компания Мисрнинг энг йирик текстили, ички кийим ва пайпоқ ишлаб чиқарувчиси. Zara, Calvin Klein, Hugo Boss ва бошқа халқаро брендлар учун маҳсулотлар ишлаб чиқаради) бош директори Мерам Габр билан тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилиши ва саноат кооперацияси имкониятларини муҳокама қилиниши якунлари бўйича Қашқадарё вилоятида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани ташкил этиш масаласи келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.