Мажлисда сенаторлар ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари чуқур тарихий илдизларга эга эканини, маданий-маънавий қадриятлар, анъаналар ҳамда тарихнинг кўп асрлик муштараклигига асосланганлигини алоҳида таъкидлади.
Сенаторлар ратификация қилиш учун тақдим этилган битимларни юқори баҳолаб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат армияларининг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу Битимлар Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган ва ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий-таълим соҳасида, шунингдек, томонлар манфаатлари кесишадиган бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги қайд этилди.
Сенаторларнинг фикрича, битимларнинг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга янгича туртки беради ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.