Учрашув давомида томонлар иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларини, амалдаги келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилишини ҳамда ҳукумат ва ишбилармон доиралар иштирокида режалаштирилган икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бўйича келишишни жадаллаштириш ҳамда Транзит савдоси тўғрисидаги битимни амалда жорий этиш бўйича қўшма тадбирлар режаси бўйича долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Томонлар бу борада юзага келаётган масалаларни тезкор ўрганиш ва ҳал қилишга ўзаро қизиқиш билдирдилар.

Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши ва диверсификациясининг ижобий динамикаси қайд этилди. Жумладан, 2021 йилдаги пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, Ўзбекистон-Покистон ўзаро савдо ҳажми қарийб 50 фоизга ошди. Хусусан, асбоб-ускуналар, озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилишда сезиларли натижаларга эришилди.

Томонлар устувор тармоқларда инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитларни олқишладилар. Мулоқот чоғида қўшма инвестиция ташаббусларини рўёбга чиқариш учун истиқболли йўналишлар ва тўпланган муваффақиятли тажриба асосида икки мамлакат тадбиркорларини лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмлари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш, жумладан, Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес-форумни ўтказиш бўйича кейинги чоралар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ушбу тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш орқали икки томонлама инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.