Бу ҳақда "Дунё" АА хабар қилди.

Учрашув чоғидаги музокаралар давомида божхона тартиботларини соддалаштириш, божхона ахборот тизимларини уйғунлаштириш, замонавий логистика марказларини қуриш, шунингдек, юк ташиш ва етказиб беришда вақт ҳамда моддий харажатларни камайтириш учун чегара ўтиш пунктларини модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан:

  • Ғишткўприк (Ўзбекистон) – Жибек Жоли (Қозоғистон) ва Давут-ота (Ўзбекистон) – Тажен (Қозоғистон) асосий чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ишларини тезлаштириш орқали савдо ҳажмини ва туризм кўрсаткичларини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
  • Сирдарё вилояти ҳудудида ташкил этилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази яқинида жойлашган Сирдарё–Атамекен чегара ўтказиш пункти инфратузилмасини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
  • Томонлар мева-сабзавот ва бошқа тез бузиладиган юкларни ташишда қулайликлар яратиш, уларнинг тезкор ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида "яшил йўлак" тизимини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Бўлиб ўтган учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, логистика ва трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ва транспорт-транзит салоҳиятини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.