Мулоқот давомида асосий эътибор Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича икки Давлат раҳбарларининг берилган топшириқларини бажаришга қаратилди.

Алихон Смаилов ташриф натижасида икки томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича йирик келишувларга эришилганини таъкидлади. Уларнинг амалга оширилиши махсус ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»да батафсил баён этилган бўлиб, республикалар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга туртки бўлиб хизмат қилади.

Томонлар ўзаро савдо муносабатларини ривожлантиришдаги ижобий динамикани, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик фаол чуқурлашиб бораётганини қайд этдилар. Шу ўринда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташаббусларни ҳукумат даражасида қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг турли долзарб масалалари ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон томони мамлакат ҳукуматининг ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича муштарак мақсад ва натижаларга эришиш учун Қозоғистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда самарали ишлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Қозоғистон Республикаси Бош вазири икки давлат президентларининг 2022 йил 21-22 декабрь кунлари бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни имзолади. Ўзбекистон томонидан мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан имзоланади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.