Мазкур филиал Бутунроссия давлат кинематография институтининг илк хорижий бўлинмасидир. Олий билим юрти ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Россия қонунчилиги, институт устави, унинг буйруқлари, маҳаллий норматив ҳужжатлар асосида юритади.

- Филиалда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб «Продюсерлик» ҳамда «Драматургия» таълим йўналишларига талабалар қабул қилинди, - деди филиал  директори вазифасини бажарувчи Элдор Йўлдошев. - Уларга соҳанинг етук мутахассислари дарс бермоқда. Шунингдек, мутахассислик ва умумкасбий фанлардан дарс машғулотларига республикамизда самарали фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилган. Филиал анъанавий ва масофавий дарс машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш учун етарли моддий-техник база билан таъминланган.

 Айни пайтда Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов раҳбарлигида ўзбек миллий кино санъати бўйича муаллифлик ижодий устахонаси ташкил этилмоқда. Мазкур ижодий устахонада ўзбекистонлик 15 нафар талабани танлов асосида ўқитилиши режалаштирилган.

Филиал фаолияти йўлга қўйилганига кўп бўлмаган бўлса-да, таълим сифатини мунтазам ошириб боришга, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида аҳамият қаратилиб, қатор натижаларга ҳам эришилди. Жумладан, 2021 йил 8-12 ноябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган «Korkut ata» кинофестивали доирасида Истанбул ва “Bahcesehir” университетлари билан алоқалар ўрнатилди.  «Кинопост» мажмуасининг раҳбари ва «Беларусфильм» миллий киностудиясининг пост-продакшн бўлими бошлиғи Евгений Левандовский ва «Беларусфильм» миллий киностудиясининг етакчи мутахасссисларининг маҳорат дарслари ташкил этилди.

Талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон кинематография агентлиги, Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси билан ҳамкорликда «Матонат мактаби» лойиҳаси доирасида “Токио-2020” Паралимпия ўйинлари ғолиблари ҳаёти ва фаолиятига доир ҳужжатли фильмлар тасвирга олиш бўйича ижодий ишлар танлови ўтказилди. Лойиҳа доирасида талабалар томонидан 5 та ҳужжатли фильм тасвирга олинди.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб ушбу олий таълим муассасасида  «Режиссёрлик», «Кино актёрлиги», «Кинооператорлик», «Санъатшунослик» таълим йўналишларида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда.