Бунга Тошкентда Россия «Паспорт-виза хизмати» ва Москванинг «Кўп тармоқли миграция маркази» филиаллари очилиши туфайли эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Паспорт-виза хизмати» ҳамда Москва шаҳрининг «Кўп тармоқли миграция маркази» ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлари имзоланди.

Ушбу ҳужжатларни имзолашдан мақсад Россия ҳудудида ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда чиқиш жараёнларини соддалаштиришдан иборат.

Ўзбекистон томонидан ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов, Россия томонидан «Паспорт-виза хизмати» раҳбари ўринбосари П.Карповес ва «Кўп тармоқли миграция маркази» бош директори С.Балдин имзоладилар.

Таъкидлаш жоиз, «Кўп тармоқли миграция маркази» Москва ва Россия бўйлаб меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш учун комплекс хизматларни кўрсатадиган ваколатли ташкилот ҳисобланади.

Ушбу ҳамкорлик миграция жараёнлари, шу жумладан миграция марказлари офислари очилишини жадаллаштириш имконини беради. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда вақти ва харажатлари қисқаради ҳамда Россияга жўнаб кетишдан олдин республика ҳудудида хизматларнинг бир қисмидан фойдаланиш мумкин бўлади, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.