Мазкур конференция доирасидаги тадбирларда Россия Федерацияси Президенти Администрацияси, Россия Федерацияси Фан ва таълим вазирлиги, Маориф вазирлиги, «Рособрнадзор» ташкилоти масъул раҳбарлари ва 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари ректорларининг иштирок этиши кўзда тутилган.
Конференцияда таълим сифатини ошириш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, Москва шаҳрида жорий йил кузида режалаштирилган иккинчи Таълим форумининг ташкилий ва мазмуний масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга йиғилишда олий таълим муассасалариаро қатор ҳамкорлик шартномаларини имзолаш режалаштирилган.
Шунингдек, 27 майда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси Фан ва таълим бўйича қуйи комиссиясининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтади.
Унда меҳмонлар Тошкент шаҳридаги «Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этадилар, деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.