Учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ҳамраислигида ўтказилди. Тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ҳам иштирок этди.
Йиғилишларда икки мамлакат давлат идоралари ва ишбилармон доираларидан 70 дан зиёд вакил, жумладан, Acwa Power, Al Muhaidib Group, Vision Invest, Al Arkkan, Data Volt, Riyadh Cables, Saudi Tabreed, AlBawani Holding, Miahona каби йирик компаниялар иштирок этди.
Музокаралар якунида энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари, туризм, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, инфратузилмавий қурилиш, уй-жой-коммунал ва сув хўжалиги соҳаларида 10 та икки томонлама ҳужжат ва лойиҳа имзоланди.
2024 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 142,4 миллион долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь–август ойларида бу кўрсаткич 111,5 миллион долларга етди. Ҳозирда Ўзбекистонда саудиялик капитал иштирокидаги 27 та корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 27,2 миллиард долларга тенг 56 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 2025 йилда 900 миллион доллар ўзлаштирилган.