Анжуманда сенаторлар, депутатлар, шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда Институтнинг Илмий-эксперт кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» таҳририяти ҳайъати аъзолари, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ва мамлакатнинг бошқа етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Сингапур алоқаларининг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар кўриб чиқилди, уларни амалга ошириш механизмлари белгиланди, бу борада илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди. Шу билан бирга, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган «Сингапур парламенти» тўплами тақдимоти ўтказилди.

Унда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 14 та ҳужжат, шу жумладан, 6 та давлатлараро ва ҳукуматлараро шартнома, 6 та идоралараро ва бошқа ҳужжатлар ташкил этиши, жорий йил 17 январдаги давлат ташрифи давомида эса Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир 8 та ҳужжат имзолангани таъкидланди, ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати давомида қатор экспертларнинг икки давлат ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларига бағишланган маърузалари тингланди. Маърузачилар Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб, янада кенгайиб бораётганини ҳамда тўқимачилик, кимё, транспорт, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари ва ҳозирги динамика сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, таълим ва маданий-гуманитар жабҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Давра суҳбати давомида «Сингапур парламенти» тўплами тақдимоти ўтказилди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон – Сингапур парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди, илмий-амалий тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.