Учрашув мамлакатимизнинг Таиланддаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилган.

Видеомулоқотда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректори Раймонд Жозеф Хофман, NIDA президенти профессор Кампол Панягомет ҳамда университет жамоаси иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги томонидан республиканинг сайёҳлик салоҳияти, янги сайёҳлик йўналишлари ва имкониятларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича мавжуд эҳтиёжлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, профессор П.Кампол сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни алоҳида қайд этди.

Музокараларда «Ипак йўли» туризм халқаро университети ва NIDA ўртасида туризм соҳасига оид илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, талабалар ва ўқитувчи-профессорлар алмашинувини йўлга қўйиш, магистратура ва докторантура босқичларидаги талабалар учун NIDA грантларини ажратиш, ўзаро икки томонлама диплом бериш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг ҳуқуқий асоси сифатида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш каби масалаларда ўзаро келишувга эришилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, NIDA 1966 йилда Таиланд Қироли Пхумипон Адулядет фармонига биноан ташкил этилган. Таркибига давлат бошқаруви, бизнес бошқаруви, статистика, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш, инсон ресурслари, ҳуқуқ, туризм менежменти ва бошқа йўналишлар бўйича ихтисослашган 12 та махсус олий мактаб ва коллежлари киради.

Шу билан бирга, NIDA Ўзбекистон билан нафақат сайёҳлик йўналишида, балки институт тасарруфидаги бошқа махсус мактаб ва коллежлар билан ҳам давлат бошқаруви, бизнес бошқаруви, статистика, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш, инсон ресурслари каби соҳаларда ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдорлиги билдирилди, деб хабар беради «Дунё» АА.