Президентимиз Давос шаҳрида ўтказилган халқаро мулоқот доирасида Тинчлик кенгаши ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу қадам мамлакатимизнинг тинчликпарвар ва очиқ ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир.
Ўзбекистон ҳар доим уруш эмас, мулоқот тарафдори бўлиб келган. Юртимиз можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида халқаро майдонда эътироф этилган. Тинчлик кенгашига қўшилиш айнан шу принципларга тўлиқ мос келади. Бу ҳарбий ёки мажбурий тузилма эмас, балки тинчлик, келишув ва ҳамкорликка хизмат қиладиган халқаро платформадир.
АҚШ Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгашининг асосий мақсади можароли ҳудудларда барқарорликни таъминлаш, тинчлик ва қонуний бошқарувни мустаҳкамлашдир.
Бу кенгаш БМТ билан ҳамкорликда ишлайди, аммо унинг вазифаси асосан маслаҳатчи, дипломатик ва барқарорликни қўллаб-қувватловчи механизм сифатида белгиланган.
Кенгашнинг низоми можароли минтақаларда фаолият юритиш, ишонч муҳитини яратиш ва халқаро ҳамкорлик орқали тинчликни таъминлашни назарда тутади. Шунингдек, у халқаро жамоатчилик учун инвестиция ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини ҳам кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиши билан халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. Бу қадам нафақат мамлакатимизнинг дипломатик позициясини кучайтиради, балки глобал тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшиш имконини ҳам беради.
Бугунги кунда дунё миқёсида тинчлик ва хавфсизлик масалалари стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг ушбу кенгашга қўшилиши юртимиз учун бир қатор афзалликларни тақдим этади.
Биринчиси, халқаро нуфуз ва ишонч: Ўзбекистон масъулиятли ва тинчликпарвар давлат сифатида эътироф этилди. Бу халқаро ҳамкорлик ва мулоқотда ишончли шерик сифатида қабул қилинишига олиб келади.
Иккинчиси, иқтисодий ва инвестиция имкониятлари: Тинчлик кенгаши доирасидаги лойиҳалар мамлакатимиз учун иқтисодий ҳамкорлик ва инвестиция муҳитини янада мустаҳкамлайди. Барқарорлик ва хавфсизлик ички ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга ҳам ижобий таъсир қилади.
Учинчиси, глобал ва минтақавий ҳамкорлик: Ўзбекистон минтақавий ва глобал масалаларда ўз тажрибасини илгари суриши, Афғонистон масаласидаги конструктив позицияси ва Марказий Осиёда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш бўйича фаолият орқали янада кенг халқаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.
Тўртинчиси, миллий манфаатларни таъминлаш: Тинчлик кенгаши фақат халқаро вазифалар билан чекланмай, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳам ҳимоя қилади. Мамлакат мустақил ташқи сиёсат юритиш, ҳарбий блокларга қўшилмаслик ва тинчлик йўлидан бориш принципларини сақлайди.
Тинчлик кенгаши Ўзбекистон учун нафақат дипломатик ва сиёсий аҳамиятга эга, балки у халқаро миқёсдаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган амалиёт майдони ҳамдир. Ушбу кенгаш орқали Ўзбекистон:
— можароли ҳудудларда барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этиш;
— глобал тинчлик ташаббусларини илгари суриш;
— иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликда янги имкониятлар яратиш;
— минтақавий ва глобал таъсирни кучайтириш имконига эга бўлади.
Шу билан бирга, кенгаш БМТ ва бошқа халқаро институтлар билан ҳамкорликда фаолият юритиши орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги роли ва нуфузини янада оширади.
Тинчлик кенгашига қўшилиш Ўзбекистон учун стратегик ва тарихий аҳамиятга эга қадамдир. Бу қадам мамлакатимизнинг глобал тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшиш имкониятларини кенгайтиради, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барқарор платформа яратади.
Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги конструктив позицияси, Марказий Осиёда ишонч муҳитини яратиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари халқаро майдонда юқори баҳоланмоқда. Бу тажриба Тинчлик кенгаши доирасида ҳам мамлакатимиз фаол иштирок этиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, бу қарор қисқа муддатли сиёсий манфаатлар учун эмас, балки келажак авлодлар учун тинч, барқарор ва ривожланган Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган. Биз тинчликка ҳисса қўшиш орқали ўз миллий манфаатларимизни ҳам мустаҳкамлаймиз.
Юритилаётган оқилона ва стратегик ташқи сиёсат нафақат мамлакатимиз учун самарали, балки халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг мақоми ва таъсирини ҳам оширади. Ўзбекистон танлаган йўл мулоқот, ҳамкорлик ва тинчлик йўлидир. Бу йўл нафақат миллий ривожланиш, балки дунёнинг барқарор ва хавфсиз глобал тизимига ҳам ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этади.
Шунингдек, ушбу ташқи сиёсат Ўзбекистон учун халқаро инвестициялар, гуманитар ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, минтақавий ҳамда глобал таъсирини мустаҳкамлаш учун барқарор замин яратади.
Швейцарияга ташриф билан боғлиқ яна бир жиҳатга тўхталиш лозим. Давлатимиз раҳбари Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросими доирасида қатор давлатлар етакчилари, йирик халқаро молиявий ташкилот ва компаниялар раҳбарлари билан қилган самарали мулоқоти ҳам юқоридаги фикрларимизни тасдиқлаган ҳолда Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор тараққиёти учун замин ҳозирлайди.
Қобилжон ТУРСУНОВ,
Сенатор