Ўзбек-турк учрашуви Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги техник, илмий ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама битим доирасида ташкил этилган. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ижроия қўмитасининг бундан аввалги йиғилиши 2018 йил 18 апрелда Бухорода ўтказилган эди.

– Икки мамлакатнинг агросаноат мажмуалари ҳамкорлигини ривожлантириш учун асосий идоралараро майдон ролини ўтовчи ушу йиғилиш бу йили Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирлининг ташрифи арафасида ўтказиляпти, – деди Халқаро ҳамкорлик ва инвестициялар бош бошқармаси бошлиғи Шоҳруҳ Толибов. – Ташриф доирасида, шунингдек, Туркиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишбилармон доиралари вакилларининг ҳам юртимизга келиши кутиляпти. Бу эса, ўз навбатида, икки давлат савдо–иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳамда аграр соҳада янги инвестицион лойиҳаларни яратиш масалаларини муҳокама қилиш имконини беради.

Уч кунлик тадбирлар доирасида бир нечта учрашувлар ўтказилиб, томонлар қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари борасида фикр алмашишади, жумладан:

– Ўсимликшунослик;

– Ўсимликлар карантини ва ҳимояси;

– Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва аквакултура;

– Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари;

– Қишлоқ жойларни ривожлантириш;

– Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги;

– Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик;

– Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш;

– Уруғчилик;

– Қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларини сертификатлаш ва синаш;

– Қишлоқ хўжалигида стандартлаштириш;

– Ўрмон хўжалиги.

Масалалар муҳокамасида АСКнинг соҳага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Натижаларга кўра эса кичик комиссия ҳамраислари кейин амалга ошириладиган тегишли баённомани тасдиқлайди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати.