Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда «Валдай» халқаро мунозара клуби томонидан ташкил этилди.

Форум СМТИ ва «Валдай» халқаро мунозара клуби ҳомийлигида 2019 йилда Самарқандда «Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизлик муаммолари олдида кўп томонлама ҳамкорлик» мавзусида биргаликда ташкил этилган Х Осиё конференцияси ва «Россия - Ўзбекистон: янги дунё тартиботи шароитида икки томонлама ўзаро муносабатларнинг истиқболлари» махсус сессияси доирасида бошланган ўзбек ва россиялик экспертлар мулоқотининг мантиқий давомидир.

Ўзбекистон пойтахтидаги анжуманда иштирок этиш учун икки томонлама муносабатлар бўйича етакчи халқаро мутахассислар, «Валдай» халқаро мунозаралар клубининг сиёсатшунослик, иқтисодиёт, хавфсизлик соҳасидаги нуфузли экспертлари йиғилган.

Учта сессиядан иборат конференция давомида иштирокчилар сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашади.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан танишади, уларнинг Марказий Осиё барқарор ривожланишига таъсирини муҳокама қилади, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка доир хавф ва таҳдидларни баҳолашади, бу соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини белгилайди. Марказий Евросиёда халқаро савдо ва интеграцияни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқади, шунингдек, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш учун истиқболли ўсиш нуқталари ва ҳаракатлантирувчи омиллар бўйича эксперт қарашларни ишлаб чиқади.

Навбатдаги Ўзбекистон-Россия конференциясининг бундай юқори даражада ўтказилиши экспертлар жамоасининг Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиши билан боғлиқ. Мамлакат Марказий Осиё минтақасида алоҳида ўрин тутади, аҳолиси энг кўп, экспортга йўналтирилган кучли ишлаб чиқариш салоҳияти ва замонавий қуролли кучларига эга.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий ва дипломатик алоқалар ҳақиқий ишончли иттифоқчилик ва стратегик шериклик хусусиятига эга бўлди. 2021 йилнинг биринчи ярмида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,7 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошди. Охирги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 915 тадан деярли 2,2 мингтага етди. 2021 йилнинг биринчи ярмида Россия капитали иштирокидаги 240 янги корхона ишга туширилди. 2019-2024 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастури, шунингдек, қиймати 25 миллиард долларга тенг 800 дан ортиқ савдо-сармоявий битим ва меморандумлар доирасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.