Сўнгги йилларда икки мамлакат халқларининг кўп асрлик тарихий яқинлиги ва яқин алоқаларига асосланган Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатлари юқори динамика билан ажралиб туради.
Томонлар Ўзбекистон ва Венгрия етакчиларининг ўзаро ташрифлар якунида қабул қилинган қарорларини сифатли амалга оширишга тайёрлиги тасдиқланди. Режалаштирилган тадбирлар, шу жумладан, Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумининг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Жаҳон ва минтақавий сиёсат масалалари бўйича қарашлар ва ёндашувларнинг ўзаро мос келиши мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат БМТ, ЭХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириши таъкидланди.
Делегациялар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва унинг тузилмасини диверсификация қилиш, сармоя киритиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бизнес субектларининг бевосита алоқаларини қўллаб-қувватлаш, минтақалараро алоқаларни жадаллаштириш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон ва Венгриянинг таълим, фан ва инновация соҳаларида алоқаларни ривожлантиришдан бирдай манфаатдорлиги билдирилди.