Мулоқот чоғида меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ХМТ кўмаги билан БМТ Бош котибининг “Иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича глобал тезлаткич” ташаббусида биринчи мамлакат сифатида қайд этилгани алоҳида таъкидланди. Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур механизмнинг барча элементлари амалиётга жорий этиляпти.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда қабул қилинган Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган дастур, меҳнат соҳасидаги ҳамда ишлаб чиқариш ва техник йўналишлардаги халқаро стандартларни мамлакат иқтисодиётига кенг татбиқ этиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим ўрин тутиб келяпти

Шунингдек, суҳбат давомида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан маслаҳатлашувларни фаоллаштиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.