Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қуйи қўмитаси 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон томонидан Транспорт вазири ўринбосари в.б. Даврон Деҳқонов Хитой Халқ Республикаси томонидан эса мамлакат транспорт вазирининг ўринбосари Лю Сяомин иштирок этди.

Учрашувда томонлар икки мамлакат транспорт соҳасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама этишди. Ҳар икки томон ҳам Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйлаб икки мамлакат ўртасида автомобиль транспортида юк ташувларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини тасдиқлашди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар эришилган келишувларни мониторинг қилиб бориш ҳамда транспорт соҳасидаги икки томонлама муаммоларни ҳал қилиш учун ўз вақтида чоралар кўриш юзасидан доимий ишчи гуруҳини тузишга келишиб олди. Шунингдек, йиғилиш давомида икки мамлакат ўртасида авиа қатновларнинг тезроқ қайта тикланиши муҳим эканлиги айтиб ўтилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.