2008-2009 йилларда Таро Асо Япония Бош вазири, шунингдек Япония Либерал-демократик партиясининг президенти бўлган. 2012 йилдан 2021 йилгача у Япония Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири лавозимида фаолият юритган.
Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг кун тартиби ҳамда уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий ва техник соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда барқарор тенденция кузатилаётганлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Япония муносабатларининг устувор йўналишларида ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда иш олиб боришга ўзаро қизиқиш билдирилди. Энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмаси ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Япониянинг йирик компаниялари ва молия ташкилотларини Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш чоралари белгиланди. Шу нуқтаи назардан, 2004 йилда Таро Асо раҳбарлигида ташкил этилган Япония – Ўзбекистон парламентлараро Дўстлик Лигасининг ўрни қайд этилди. Томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган Япония – Ўзбекистон парламентлараро форумининг навбатдаги йиғилишининг кун тартибини кўриб чиқиб, икки томонлама муҳокама қилиш учун муҳим аҳамиятга эга масалаларни ажратиб олдилар. Шунингдек, Япония парламенти ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш истиқболлари ўрганилди.
Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган барча соҳаларда мулоқотни ривожлантиришга ўзаро содиқлигини ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг юқори даражасини сақлаб қолиш ниятларини билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун: Таро Асо – Япония давлат ва сиёсат арбоби. У 1979 йилдан бери тўққиз марта парламентга сайланган. 1988 йилдан бошлаб у ҳукуматда фаолият юритган. Жумладан, таълим, маданият ва спорт вазирининг ўринбосари, иқтисодий режалаштириш вазири, иқтисодий ва молиявий сиёсат давлат вазири, ички ишлар ва коммуникациялар вазири лавозимларида ҳамда 2005 йилдан 2007 йилгача - ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.