Сўнгги пайтда  Ўзбекистонда  миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Япон компанияларида ҳам  катта  қизиқиш  уйғотди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг табора мустаҳкамланиб боришига сабаб бўляпти.

2020 йилнинг  22 сентябрида Ўзбекистоннинг Япониядаги  элчихонаси вакиллари  Япониянинг  “Аoikai Medical Corporation” компаниясида бўлиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида бир неча таклифларни ўртага ташлаган эди. Бугунги тадбирни   ана шу  учрашувнинг мантиқий  давоми, дейиш мумкин.

Тиббиёт академияси билан Япониянинг  “Aoikai Medical Corporation” компанияси ўртасида имзоланган меморандум яқин келажакда  Тиббиёт академияси ёшларининг  кунчиқар мамлакатда ўқиш ва ишлаш имкониятини беради.

 Учрашувда Эрё Сосей  Университети проректори, geinness рекордлар  китобига кирган машҳур инсон, сузиш бўйича  уч карра жаҳон чемпиони  Тягачи Набутака компания  ва ўзи ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

Учрашувда  талаба ёшлар учун катта имконият  мавжудлиги борасида  қизиқарли маълумотлар  берилди. Хусусан,  улар япон  тилини билиш даражасига  қараб,  Японияда ўқиш учун махсус грант лойиҳаларида иштирок этишлари мумкин.

Меморандум шартларига кўра  корпорация  иқтидорли талабаларни  100 фоизли грант асосида  ўқишга қабул қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 Дунё миқёсида энг узоқ умр кўрувчилар  рўйхатида турадиган японлар учун ижтимоий ҳимоя тизими мукаммал  ишлаб чиқилган.Ҳатто бу борада  давлат дастури ишлаб чиқилган.

 Унга кўра, чет элдан ишга  жалб этилаётган  тиббиёт ходимлари ва ёш мутахассислар  қариялар ва якка  ёлғиз кексаларни парваришлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ишларига  таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз: бу нуфузли корпорацияга  1978 йилда асос солинган.  Унинг асосий фаолияти  тиббиёт, ижтимоий ёрдам ва меҳмонхона хизматидан иборат.

15 мингдан ортиқ ишчи кучига эга компанияда айни пайтда  300 нафарга яқин  чет эллик фуқаро  меҳнат қилади.

Корпорация таркибида   30 та касалхона, 81та кексаларни парваришлаш маркази, 11 та мактабгача таълим муассасаси, япон тили маркази, коллеж ва тиббиёт соҳасига ихтисослашган университетлар мавжуд.

                                          Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати