Пҳунг Дук Тиен билан суҳбат чоғида гилос, олма, хурмо, бодом, ёнғоқ, пиёз, саримсоқ ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш учун фитосанитария рухсатномалари олинишини жадаллаштиришни назарда тутган ҳолда Ўзбекистондан Вьетнам бозорига янги узилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар Вьетнамлик мутахассисларни жалб этган ҳолда Ўзбекистонда шоличиликни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ва янги навларни жорий этишни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Вьетнам шоличилик илмий-тадқиқот институтлари ўртасида уруғчилик тизимини такомиллаштириш ҳамда Вьетнам эртапишар навларини Ўзбекистон шароитига мослаштириш йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Вьетнам миллий қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда шоли етиштириш қўшма кафедраси, Хоразм вилоятида шолининг қурғоқчиликка, шўрланишга ва Ўзбекистоннинг бошқа тупроқ-иқлим шароитларига чидамли бўлган янги навларини кўпайтириш учун Ўзбекистон-Вьетнам шоличилик маркази ташкил этилади.

Шу билан бирга, Вьетнам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқ ҳолатини мониторинг қилишга мўлжалланган агрокимёвий хариталарни ишлаб чиқиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва агросаноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Вьетнам компаниялари ва замонавий технологияларни Ўзбекистонга жалб этишга кўмаклашади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча келишув ва ташаббусларни сифатли амалга ошириш мақсадида томонлар аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва муддатларни кўрсатган ҳолда икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида қўшма Ҳамкорлик дастурини тайёрлайди.

Gelex Group компанияси раиси Нгуен Лонг билан учрашувда муқобил энергия манбалари, электротехника саноати ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўтарилди. Музокаралар якунида тегишли лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Худди шундай конструктив руҳда Вьетнам электроника саноати ассоциацияси ижрочи директори Ду Тҳи билан музокаралар олиб борилди. Вьетнам компанияларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «Ўзелтехсаноат» уюшмаси билан Ҳамкорлик дастурини имзолашга келишилди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яримўтказгичли маҳсулотлар, электрон саноат учун босма платалар, шунингдек, LED чиплари ишлаб чиқариш шулар жумласидандир.

Шу куни «Mareven Food Holdings» компанияси директори Нгуен Дуонг билан ҳам учрашув бўлиб ўтди, унда «Ангрен» ЭИЗда озиқ-овқат ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувлар якунлари бўйича иштирокчилар аниқ амалий чора-тадбирлар кўришга тайёр эканликларини билдирдилар ва келгусида ҳамкорлик қилиш форматини белгилаб олдилар.