Айниқса, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият йўналишида татбиқ этилган ёндашувлар мамлакат ташқи сиёсатига тамомила янгича мазмун касб этиб, жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар ва глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, миллий манфаатларни жадал суръатларда илгари суришга хизмат килмокда.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий вазифаларидан бири, бу – ўз ҳудуди атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва ахил қўшничилик муҳитини шакллантиришдан иборат. Шу жиҳатдан, Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусларини қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслахатлашув учрашувлари йўлга кўйилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида олий ва юқори даражада расмий ташрифлар, улар доирасида имзоланаётган икки ва кўп томонлама шартномалар сони ва кўлами сезиларли равишда ортди. Колаверса, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар кенгайди. Натижада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдо айланмаси хажми икки баробардан зиёдга ўсиб, 2022 йил якунида минтақавий ташқи савдо айланмаси 7,5 миллиард долларни ташкил қилди.

Шу билан бирга мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим устувор йўналиши дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик ҳамда ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдан иборатдир. шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ўтган давр мобайнида Марказий Осиё давлатлари қатори яқин хорижий ҳамкор давлатлар – Россия, Хитой, АҚШ, Франция, Германия, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа мамлакатларга бир неча бор олий даражадаги ташрифларни амалга оширди ҳамда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар раҳбарлари бошчилигидаги делегацияларни қабул қилди. Зеро, янги Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб бориши билан бир қаторда халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилиши ва унга оғишмай амал қилишини ҳам ифода этади.

Мамлакатимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини хурмат қилиш тамойили,ни таъминлаш борасида БМТ Низомининг 1-моддасида назарда тутилган “инсон ҳуқуқлари ва барчанинг ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар асосий ҳуқуқларининг ҳукумат томонидан рағбатлантирилиши ва ривожлантирилиши”ни таъминлайди.

Халқаро ҳуқуқнинг анъанавий тамойили бўлган давлат чегаралари дахлсизлиги тамойилини давлатларнинг маълум жойдаги мавжуд чегара чизиғига риоя қилиш мажбуриятларини таъминлайди. Бу эса маълум жойдаги чегара чизиғининг ўзгартирилиши ва тегишли рухсатсиз ёки қоидадан ташқари равишда уни кесиб ўтишга йул куймасликнинг олдини олади.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилига қатъий амал қилади. Хусусан мамлакатимиз, БМТ Низомининг 2-модда 3-бандида белгиланган “БМТнинг барча аъзолари халқаро низоларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ҳамда адолатга хавф солмайдиган ҳолда тинч воситалар билан ҳал қиладилар”, деган қоидага оғишмай риоя қилади.

Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир давлат билан ташқи сиёсат олиб боришдаги дўстона муносабати, ташқи сиёсий фаолиятнинг энг муҳим вазифалари сифатида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджи, ўрни ва обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган барча давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларининг барқарор тизимини барпо этиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни муттасил ва изчил ривожлантиришга қаратилади.

Янги Ўзбекистонинг ташқи сиёсатида тинчликсевар давлат сифатида жаҳонга юзланши мамлакатимизнинг ташқи сиёсатда тинчликпарварликка асосланган, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий воситалар билан ҳал этишга қаратилган йўлдан боради.

Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда дўстона ва тинчликсевар давлат сифатида конституциявий эътироф этилиши унинг дипломатик имиджини янада оширишда муҳим ўрин тутади.

 

Аброржон Отажонов

Тошкент давлат юридик университетининг

Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси профессори юридик фанлар доктори