Сиз, азизларни, бутун халқимизни эзгулик, меҳр-оқибат ва саховат айёми – муқаддас Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу шукуҳли онларда барчамизни мана шундай файзли ва саодатли кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.

Кейинги йилларда шаклланган анъанамизга мувофиқ, мамлакатимизда Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича бу йил ҳам сизлар билан, халқимиз билан биргаликда кўплаб хайрли ишларни амалга оширдик.

Аввало, махсус қарор асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги 35 йилда биринчи марта 1 триллион сўм маблағ ажратилиб, муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишларга сарфланганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 450 миллиард сўм 600 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага моддий кўмак тариқасида йўналтирилди. Бундан ташқари, ижтимоий реестрдаги даволаш режалаштирилган 6 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, жумладан оғир касаллар операция йўли билан даволанмоқда.

Шунингдек, аҳолига 100 минг дона Рамазон совғалари тарқатилди. “Рамазон туҳфаси” лойиҳаси доирасида эса эҳтиёжманд оилалар, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчилар ҳамда хориждаги ватандошларимиз учун 30 мингдан ортиқ ифторлик тадбирлари ўтказилди.

Бундай олижаноб ишлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларимизнинг улкан амалий натижалари сифатида барчамизни хурсанд қилади.

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янада муҳим босқичига қадам қўймоқда. Кенг кўламли янгиланиш жараёнлари туфайли ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўсиш ва юксалиш суръатлари ортиб бормоқда. Диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом цивилизациясининг бой меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, ўтган йили Бухоро шаҳрида тасаввуф таълимотининг ёрқин намояндаси, буюк авлиё бобомиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари номидаги илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини эсга олиш ўринлидир.

Бу йил эса, мана шу қутлуғ ва муборак кунларда Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиши халқимизга ўзига хос Рамазон туҳфаси бўлди.

Бу каби эзгу ишларимизнинг давоми сифатида калом илмининг султони Имом Мотуридийнинг Самарқанд шаҳридаги мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Тошкент шаҳрида эса яқин кунларда Халқаро бағрикенглик ва динлараро мулоқот маркази фаолиятини йўлга қўямиз. Ушбу марказ Ватанимизнинг миллатлар ва динлараро мулоқот ва ҳамкорлик, тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилади, деб ишонаман.

Ҳурматли юртдошлар!

Жаҳондаги ҳозирги ғоят мураккаб вазиятда оила ва маҳаллаларда, бутун мамлакатимизда осойишталик, файзу барака муҳитини сақлаш, ёшларимизни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш ўта долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Биз бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган муҳтарам отахон ва онахонларимиз, жонкуяр ака-ука ва опа-сингилларимиз, ҳурматли зиёли ва уламоларимизга, маҳалла фаоллари ҳамда ташаббускор ёшларимизга таянамиз.

Ушбу улуғ айём кунларида жаҳоннинг турли ҳудудларидаги уруш ва низолар тезроқ барҳам топиб, барча халқлар тинчлик ва барқарорликда ҳаёт кечиришини тилаб қоламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларидаги мусулмон биродарларимизни қутлаб, самимий салом ва тилакларимизни йўллаймиз.

Хорижда байрам шукуҳи билан яшаётган ватандошларимизни ҳам чин дилдан табриклаб, уларнинг ишлари ва ўқишларига муваффақиятлар тилаймиз.

Қадрли ва муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб турган ушбу қутлуғ дамларда сиз, азизларни Ийд ал-Фитр байрами билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, қилган эзгу амалларимиз қабул бўлсин!

Парвардигори олам эл-юртимизни Ўз паноҳида асрасин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти