Наврўз айёми арафасида ободлик учун ташаббус кўрсатиб, ҳашарлар ташкил этиш халқимизга хос эзгу анъаналардан саналади. Ушбу хайрли ишдан четда қолмаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳам бир гуруҳ ёш йигит-қизлар ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, “Ободлик — саломатлигимиз асоси, ўтганлар ёдига эҳтиромимиздир ” шиори остида 14 мартдан 14 апрелгача республика бўйлаб ўтказиладиган ижтимоий акция ҳақида интернет тармоқлари орқали эълон қилди.
Бу гал ҳам бир ой давомида кўнгилли ёшлар жамоа бўлиб, пандемия сабаб қаровсиз қолган қабристонлар, ўзлари яшаб турган ҳудудлардаги қадамжолар, маҳалла ва қишлоқлар, таълим муассасаларини ҳашар йўли билан ободонлаштиради.
Эътиборлиси, акция доирасида #yoshlar_obodlik_sari хэштеги остида ижтимоий тармоқларда жамоалар томонидан эълон қилинган энг сара фото ва видео маҳсулотлар “Обод маҳаллам”, “Обод қишлоғим”, “Обод мактабим” ва “Бизнинг зиёратгоҳ” номинациялари бўйича тақдирланади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи барча ёшларни ижтимоий акцияда фаол иштирок этишга чақиради.