Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоамиз айни пайтда «C» гуруҳида Корея билан биргаликда 4 очко жамғарган. Бугунги баҳсдаги ғалаба вакилларимизга гуруҳ пешқадами сифатида чорак финал йўлланмасини тақдим этади.
Параллель учрашувда Эрон ва Ливан ёшлар терма жамоалари ўзаро куч синашади.
Мусобақа регламентига кўра, Ўзбекистон Корея Республикасини мағлуб этса, «C» гуруҳида 1-ўрин билан чорак финалга чиқади. Параллель баҳсда Ливаннинг ғалабаси ҳам жамоамизни кейинги босқичга чиқишига хизмат қилади.
Агар Эрон Ливанни мағлуб этса, Корея билан учрашувдаги дуранг натижа ҳам жамоамизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Регламентга асосан:
- Ўзбекистон — Корея Республикаси ўйинида голли дуранг (1:1, 2:2, 3:3) қайд этилса, параллель баҳсдаги натижадан қатъи назар, Ўзбекистон ва Корея Республикаси чорак финалга йўл олади (ўзаро ўйинлардаги урилган голлар ҳисобига кўра).
- Агар 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилиб:
- Эрон Ливанни камида икки тўп фарқи билан мағлуб этса — Эрон кейинги босқичга чиқади.
- Эрон Ливанни бир тўп фарқи билан мағлуб этса (1:0, 2:1) — Ўзбекистон чорак финалга йўл олади.
- Эрон 3:2 ҳисобида ғалаба қозонса, тўплар нисбати тенглашади ва Ўзбекистон ҳамда Эрон ўртасида сариқ-қизил карточкалар сони ҳисобга олинади.
Маълумот учун, 3-турдан ўрин олган барча учрашувлар Тошкент вақти билан соат 16:30 да бир вақтда бошланади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Корея Республикасига қарши оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда майдонга тушади.
Учрашув Саудия Арабистонининг Риёд шаҳридаги «Prince Faisal Bin Fahd» стадионида бўлиб ўтади.