WАДА томонидан 206 та давлатдаги Миллий антидопинг ташкилотлар фаолияти 4 гуруҳга бўлинган ҳолда юқори (1-ўрин), яхши (2-ўрин), қониқарли (3-ўрин) ҳамда қониқарсиз (4-ўрин) тарзида баҳолаб борилади.
Ўзбекистон бу гуруҳлардан антидопинг соҳасида ёш мамлакат бўлишига қарамай 1-гуруҳ, яъни фаолияти юзасидан юқори натижалар қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Бу гуруҳда МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистон, Белоруссия, Россия ва Қозоғистон жой олган бўлса, Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон 2-гуруҳдан, Тожикистон, Туркманистон ва Молдова 3-гуруҳдан жой олган.
Шу ўринда қандай сабаблар асосида давлатлар бу гуруҳларга бўлинади, деган савол юзага келади. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги Кодекси талабларини ўз вақтида бажариш, яъни спортчи, шифокор ва мураббийларнинг антидопинг соҳасидаги билимларини ошириш, допинг синамаси олиш ва улар натижаси (ижобий натижалар камлиги инобатга олинади) ҳамда Халқаро тоифадаги допинг офицер ва суруштирув-офицерлари мавжудлиги ва энг асосийси мувофиқлик даражаси берилишига қараб бўлинади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги Бутунжаҳон антидопинг Кодексининг мувофиқлик назоратидан 2023 йил II чорагида муваффақиятли ўтган Миллий антидопинг агентлигидир.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан номувофиқ деб топилган мамлакатларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Бу санкциялар Кодекс талабларини тўлиқ, қисман ёки умуман талабга мос келмаслик турларига қараб санкциялар турлича бўлади. Мисол учун, мамлакат номидан халқаро мусобақаларда иштирок этмаслик, иштирок этган тақдирда мамлакат байроғи кўтарилмаслиги каби жазо турларига бўлинади.