Унда давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аниқ натижага йўналтириш, шунингдек, ҳисобдорлик ва масъулият механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Стратегияда қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналишида давлат хизматларини рақамлаштиришга оид қатор аниқ вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалар давлат хизматларини кўрсатиш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, хизматларни электрон шаклга ўтказиш, тартиб-таомилларни соддалаштириш, идоралараро ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади. Натижада давлат хизматларини рақамли, ўзаро интеграциялашган ва фойдаланувчи эҳтиёжларига мос тизимга босқичма-босқич ўтказиш учун замин яратилади.

Ушбу йўналишда, биринчи навбатда, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш белгиланган бўлиб, бу давлат хизматларининг асосий қисмини масофавий ва рақамли механизмлар орқали тақдим этиш, инсон омилини қисқартириш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш ҳамда хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Рақамлаштириш жараёнида мобил хизматларни ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш сифатида қаралмоқда. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг катта қисми интернетдан мобил қурилмалар орқали фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда, давлат хизматларини мобил иловалар орқали тақдим этиш кўламини кенгайтириш стратегик аҳамиятга эга. Бу орқали давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти вақт ва макондан мустақил равишда таъминланади. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали мобил иловасида жорий қилинган хизматларнинг ягона порталдаги мавжуд хизматларга нисбатан улушини 90 фоизга етказиш мақсади қўйилган. Бу эса давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини веб-портал билан чеклаб қўймасдан, мобил формат орқали ҳам кенгайтиришни назарда тутади.

Стратегияда композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини камида 400 тага етказиш вазифасининг белгиланиши давлат хизматлари тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилганини кўрсатади. Мазкур ёндашув хизматларни фуқаронинг ҳар бир идорага алоҳида мурожаати асосида эмас, балки интеграциялашган маълумотлар базаси ва шахснинг ҳаётий вазиятидан келиб чиққан ҳолда комплекс ҳамда олдиндан таклиф этиладиган шаклда тақдим этишни назарда тутади. Бу эса давлат хизматлари соҳасида мурожаатга асосланган моделдан проактив ва фойдаланувчига йўналтирилган моделга ўтиш жараёни кучайиб бораётганини англатади. Ҳозирги кунга қадар  проактив шаклдаги хизматлар сони 21 тага, композит шаклда кўрсатиладиган хизматлар сони эса 70 тага етказилган.[1]

Шу билан бирга, давлат органлари ўртасидаги маълумот ва ҳужжат алмашинуви тизими ҳам ўзаро интеграция асосида электрон шаклга ўтказиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилда “Рақамли ҳукумат” тизими платформаси орқали 40 турдаги маълумот ва ҳужжатлар олинган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 150 тага етган.[2] Бу эса идоралараро ахборот алмашинуви кўлами кенгайиб, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ортиқча қоғозбозлик ва такрорий ҳужжат талаб қилиш амалиёти қисқариб бораётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, рақамлаштириш жараёнида давлат хизматларини фақат электрон шаклга ўтказиш билан чекланмасдан, уларни мазмунан қайта кўриб чиқиш, ортиқча босқич ва талабларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 500 тага яқин давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифа давлат хизматларини рақамлаштириш жараёни фақат уларни электрон кўринишга ўтказиш билан чекланмасдан, хизматларни кўрсатиш тартиби, босқичлари ва талаб этиладиган ҳужжатларини ҳам қайта кўриб чиқишни қамраб олишини кўрсатади

Бундан ташқари, давлат хизматларининг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш орқали давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, хизмат кўрсатишда рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳолига янада сифатли сервис таклиф этишга қаратилган. Бундай ёндашув давлатнинг барча жараёнларни бевосита амалга оширувчи эмас, балки тартибга солувчи ва назорат қилувчи субъект сифатидаги ролини кучайтиради. Натижада хизматлар кўрсатиш тизимида самарадорлик, тезкорлик ва мижозга йўналтирилганлик даражаси ортади.

Аҳолига нотариал хизматларни онлайн тарзда кўрсатиш улушини 30 фоизга етказиш ва ФҲДЁ органлари томонидан онлайн тарзда кўрсатиладиган хизматлар улушини 30 фоизга етказиш вазифалари аҳоли учун ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган айрим хизматларни ҳам рақамли шаклга ўтказишни назарда тутади. Бундан ташқари, архив соҳасида давлат хизматлари сонини 14 тага етказиш белгиланган бўлиб, бу ушбу соҳада ҳам хизматлар турини кенгайтириш ва уларни тизимли шаклда тақдим этишга қаратилган.

Такомиллашган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатларни талаб қилишни тўлиқ бекор қилиш вазифасининг белгиланиши рақамлаштириш жараёнида энг муҳим институционал ўзгаришлардан бири ҳисобланади. Бу давлат органлари ихтиёрида мавжуд маълумотларни фуқаролардан қайта талаб қилмаслик, идоралараро ахборот алмашинувини кенгайтириш ва давлат хизматларини олиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар айланмасини қисқартириш билан боғлиқ. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини рақамлаштириш даражасини 100 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, бу муайян соҳадаги хизматларни тўлиқ электрон шаклга ўтказишни назарда тутади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича белгиланган мақсадлар хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич электрон, интеграциялашган ва фойдаланувчига йўналтирилган шаклга ўтказишга қаратилган. Ушбу вазифалар орқали давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштириш, ортиқча ҳужжатбозликни қисқартириш, идоралараро ахборот алмашинувини кучайтириш, онлайн ва мобил хизматлар қамровини кенгайтириш, шунингдек, айрим хизматларни хусусий сектор иштирокида ташкил этиш назарда тутилган. Натижада давлат хизматлари тизимининг очиқлиги, тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун хизматлардан фойдаланиш жараёнини янада қулайлаштиришга хизмат қилувчи институционал ва ташкилий асосларни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

И.Хакимова

“Тараққиёт  стратегияси”

                                                                                 маркази бош мутахассиси