Жорий йилнинг 26 декабрь ҳолатига Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан берилган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 488 нафар кўнгилли эмланди. Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ZF2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари икки-томонлама номаълум, платцебо назорат усулда олиб борилмоқда.

Ушбу тадқиқот бутун дунё бўйича бир неча марказларда, 18 ёшдан ошган жами 29 000 кўнгилли иштирокчиларни қамраб олади. Хитойдаги кўнгиллиларда вакцинанинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги текширилади. Хитойдан ташқаридаги давлатларда эса вакцинанинг хавфсизлиги, ҳимоявий самарадорлиги ва иммуногенлиги ўрганилади.

Бугунги кунга келиб, ушбу вакцинанинг I ва II фаза клиник тадқиқотлари ўтказилган бўлиб, ушбу вакцина кандидатининг хавфсиз эканлигини кўрсатди. Шу сабабдан ҳам вакцинанинг хавфсизлиги ва COVID-19 инфекциясини олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида, ҳамда вакцинанинг ишлаб чиқарилишига рухсат этилиши ва тез орада кенг миқёсда қўлланилишини таъминлаш мақсадида III фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган.