Атиги 17 кун ичида хонадонларнинг 82,3 фоизи, яъни 30 миллиондан ортиқ фуқаро онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида мутлақ рекордни қайд этди.

Таққослаш учун, онлайн рўйхатга олиш кўрсаткичи Қозоғистонда 40 фоизни, Беларусь Республикасида 22 фоизни ва Россияда 16 фоизни ташкил этган бўлса, юртимиздаги қамров аҳолининг рақамли хизматларга бўлган юксак ишончини намоён этди. Жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус ахборот тизими ҳар бир шахснинг идентификация рақами асосида ишламоқда, бу эса такрорий ёки хато маълумотларни автоматик равишда саралаб олиш имконини беради.

Эндиликда, 4 февралдан 28 февралга қадар тадбирнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Бунда онлайн рўйхатдан ўтмаган ёки хатоликка йўл қўйган фуқароларнинг хонадонларига «маҳалла еттилиги» вакиллари ташриф буюришади.

55 минг нафардан ортиқ махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар планшетлар ёрдамида маълумотларни бевосита платформага киритишади.

Маълумотлар сифатини таъминлаш мақсадида 7,6 миллиондан ортиқ турар жойнинг GPS-координаталари аниқлаштирилган бўлиб, бу рўйхатга олувчиларнинг ишини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради.

Муҳим жиҳати, фуқаролар тақдим этган маълумотлар қонун билан ҳимояланган ва фақат статистик мақсадлар учун ишлатилади. Шахсий маълумотлар солиқ ёки бошқа назорат органларига тақдим этилмайди. Тўпланган маълумотлар келгусида мактаб, шифохона ва йўллар қурилиши каби муҳим давлат дастурларини режалаштиришда асосий манба бўлиб хизмат қилади. Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари шу йилнинг 1 июлига қадар эълон қилиниши кутилмоқда.