Таъкидланишича, 2023 йил 31 декабрига қадар амалда бўлиб келган акциз солиғи билан боғлиқ имтиёз якунига етгани боис, нархда ўзгариш бўлган.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сон ва 2023 йил 23 февралдаги «Истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-80-сонли қарорлар асосида 2023 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи «ноль» ставка қўлланилган. Шундан келиб чиқиб, АИ-80 русумли автобензиннинг чакана нархлари 1 литр учун 6 050 сўм этиб белгиланган эди.

2024 йил 1 январь кунидан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги ҳамда «UNG Petro» МЧЖнинг АЁҚШларида АИ-80 русумидаги автобензиннинг чакана нархи 1 литр учун 6 800 сўм этиб белгиланди.

Маълумот учун: импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган автобензиннинг акциз солиқ ставкаси 1 тонна учун 303 минг сўм ва якуний истеъмолчига реализация қилинадиган автобензиннинг солиқ ставкаси 1 тонна учун 565 минг сўм ёки бир литр учун 425 сўм», – дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖ Ахборот хизмати томонидан берилган маълумотда.