"Ўзбекистон 24" каналида берилган репортажда маълум қилининишича, режага кўра, яқин икки йил ичида республика бўйлаб камида 100 та замонавий ва юқори технологик ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) тармоғи ишга туширилади.

Ушбу лойиҳа доирасида чакана савдо активларига камида 150 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади. Янги шохобчалар тўлиқ ғарб стандартлари асосида барпо этилиб, юқори сифатли ёқилғи ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг замонавий тизимлари билан таъминланади. Айни пайтда лойиҳа учун зарур маблағлар тўлиқ шакллантирилган.

Лойиҳанинг муҳим ижтимоий жиҳати янги иш ўринлари билан боғлиқ. Ҳар бир объектда камида 30 та, умумий ҳисобда эса Ўзбекистон фуқаролари учун 3000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Айниқsa, автомагистрал йўлларда сайёҳлар ва транзит юкларни ташувчилар учун махсус транспорт марказлари ташкил этилишига алоҳида урғу берилган.

Бундан ташқари, “Gulf” компанияси авиация соҳасига ҳам 50 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу маблағлар маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар учун хавфсиз ҳамда барқарор ёқилғи таъминоти тизимини яратишга йўналтирилади.

Яна бир муҳим стратегик қадам сифатида, компания Марказий Осиё бўйича ўзининг операцион базасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришини маълум қилди. Бу қарор Ўзбекистонни минтақавий логистика ва чакана савдо марказига айлантириш йўлидаги муҳим босқич бўлади. Крейг Крамер мамлакатда инвесторлар учун яратилган очиқ ва ишончли муҳитни алоҳида эътироф этиб, барча вилоят ҳокимларидан ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар олинганини мамнуният билан таъкидлади.