Учрашувда “Meraque Group” компанияси билан ҳамкорликда кичик ҳажмдаги ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда кўп функцияли дронларни маҳаллийлаштириш орқали уларни Тошкент вилоятида жойлашган Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, малакали мутахассисларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифатли ҳамда тезкор ташкил этишга оид аниқ келишувларга эришилди.
Маълумки, замонавий технологиялар, хусусан, кўп функцияли дронлар ва ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари аграр соҳада самарадорликни оширишга хизмат қилади. Дронлар ёрдамида экин майдонларини аниқлик билан мониторинг қилиш, сув ва ўғит сарфини оптималлаштириш, зарарли ҳашаротларга қарши курашишнинг самарадорлигини кучайтириш мумкин.
Бундан ташқари, ушбу техникалар ёрдамида ҳосилдорликни ошириш, меҳнат харажатларини камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга эришилади. Техникани маҳаллийлаштириш эса нархларнинг пасайиши, эҳтиёт қисмлар ва сервис хизматларининг тезкор таъминланишини таъминлайди.
Муҳими, лойиҳа доирасида мамлакат ичида янги иш ўринлари яратилиши, илмий-техник салоҳиятнинг ошиши кутилмоқда. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, рақамли технологиялар ва ақлли техникаларнинг жорий этилиши қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш самарадорлигини 20–30 фоизгача ошириш имконини беради.
Учрашув давомида вазир Иброҳим Абдураҳмонов лойиҳани босқичма-босқич ривожлантириш, малакали мутахассислар иштирокини таъминлаш, дронлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.