Бу Ўзбекистондаги биринчи автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобча ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур шохобчанинг бошқа шу сингари шохобчалардан асосий афзаллиги унинг автомат режимда ишлаши ва энг замонавий санитар-гигиеник мосламалар билан жиҳозланганлигидир. Қолаверса, унда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар қулай фойдаланишлари учун ҳам имкониятлар яратилган.
Шохобчани қуришда Хитой, Беларус, Россия каби хорижий давлатлардан келтирилган замонавий техника воситаларидан фойдаланилган.
Шохобча автоматлаштирилган режимда ишлайди. Ҳар бир жараён учун алоҳида вақт белгиланган. Агар, масалан, ҳожатхонага кирган фуқаронинг саломатлигида бирор муаммо юзага келса ёки бошқа сабаб билан узоқ қолиб кетса, сигнал чалинади ва огоҳлантирилади. Шунингдек, аёллар ҳожатхонасида алоҳида автоматик тарзда ишлайдиган савдо бурчаги ташкил этилган. Бунда аёллар фарзандлари учун памперс ва шунга ўхшаш нарсаларни харид қилишлари мумкин. Шохобча куну тун ишлайди.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов мазкур шохобчанинг айнан ногиронлиги бор инсонларга қулайликлари ҳақида гапирди.
«Ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган ҳожатхона жуда қулай. Негаки ичи жуда кенг, аравачада бемалол ҳаракатланиш мумкин. Бундан ташқари, фавқулотда вазиятлар учун мўлжалланган СОС тугмаси бор, яъни ногиронлиги бўлган шахс агар саломатлигида бирор муаммо юзага келса, шу тугмачани босиб, ёрдам чақириши мумкин. Умуман олганда, ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай санитар-гигиеник шохобчаларни янада кўпайтириш лозим», — деди Ойбек Исоқов.
Қайд этиш керакки, айни дамда мазкур шохобчада иш ўринлари ҳам яратилмоқда.
Маълумот учун, 2017 йилда жами 200 та санитар-гигиеник шохобча фаолият юритган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 7,5 мингдан ошди. Шулардан 3,9 мингтаси янги қурилган, 3,6 мингтаси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.