Бу Президент фармони лойиҳасида белгиланган.
Лойиҳасига кўра, мамлакатимизда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча кўринишларига барҳам беришнинг мутлақо янги тизими жорий этилади. Ушбу ҳужжат билан жамиятда “зўравонликка тоқатсизлик” тамойилини ижтимоий меъёрга айлантириш ва жавобгарлик чораларини кескин кучайтириш кўзда тутилган.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чоралари белгиланади. Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилиш ваколати мустақил равишда прокуратура органларига ўтказилиб, бундай ишларни кўришга ихтисослашган, махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар фаолияти йўлга қўйилади.
Қонунчиликдаги яна бир муҳим ўзгариш эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахсни унаштирган ота-оналар ва ноқонуний никоҳни тарғиб қилган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Оила ва хотин-қизлар масканларида ёш никоҳланувчиларни бепул ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, жараёнга профессионал психолог ва ҳуқуқшунослар жалб этилади. Мазкур ташаббуслар ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдири учун масъулиятини ошириш ҳамда оилавий зўравонликка қарши самарали курашиш имконини беради.
Ушбу ислоҳотларнинг ижроси Олий суд, Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мувофиқлаштирилади ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилади.