«Норма» портали маълумотига кўра, ҳукумат қарори билан Бизнес-омбудсман девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилмоқда ва тегишли низом тасдиқланмоқда.

Жамғарма маблағлари Бизнес-омбдусман девонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш учун сарфланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

-Бизнес-омбудсман томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарима суммасининг 100 фоиз миқдори;

-техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг грантлари;

-жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

-вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар.

Маълумот учун: Бизнес-омбудсман хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказиш, уларни хомийликка мажбурлаш каби  жами 9 та турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқишга ҳақли. 

Жамғармага раҳбарлик қилиш ва маблағларни сарфлаш масалалари жамғарма Кенгаши томонидан амалга оширилади, Бизнес-омбудсман Кенгаш раиси ҳисобланади.