Мазкур қонун лойиҳасида давлат хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, илгари қонуний имконияти мавжуд бўлмаган амалиёт — болага ота исмини фамилия сифатида бериш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, «Ўзархив» агентлиги тизимини оптималлаштириш, архивларнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими учун ҳуқуқий асосларни белгилаш, архив ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини тартибга солиш ҳамда архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш механизмларини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Мажлисда таъкидланишича, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бизнесни бошлашда ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартиришга, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Хусусан, лойиҳа билан «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилиб, лицензия ёки рухсатнома талаб этиладиган фаолият турлари бўйича 3 ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди ҳамда ҳужжат матнини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар илгари сурди.
Муҳокамалар якунларига кўра, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.