Маълумки, аввал ер хусусийлаштириш мумкин бўлмаганлиги сабабли, ер участкаларидан фойдаланиш, эгалик қилиш ҳуқуқлари, шунингдек ерга нисбатан дахлсизлик ҳуқуқининг кўплаб бузилганлиги ҳамда давлат ва жамият учун олиб қўйиладиган ер майдонларининг компенсацияси билан боғлиқ тўловлар тўлаб берилмаганлиги аҳоли орасида кўплаб норозичиликларни келтириб чиқармоқда эди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ушбу қонун 44 модда 6-бобдан иборат бўлиб, унда қишлоқ хўжалиги эхтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиблари белгиланган.
Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш ҳақ эвазига амалга оширилади. Агарда ушбу ер участкасида давлат кўчмас мулки мавжуд бўлиб, уларни хусусийлаштириш тақозо этган бўлса, ер ва кўчмас мулк бир вақтда хусусийлаштиришга йўл қўйилади.
Хусусийлаштириш объектларига нималар киради?
Юридик шахсларга тадбиркорларлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
Ўзбекистон Республикаси фуқарларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фоалиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари ва бўш турган ер участкалари киради.
Хусусийлаштиришга йўл қўйилмайдиган ер участкалари ҳам мавжудми?
Фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузулмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);
хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган;
маъмурий кенгаши томонидан берилган ер участкалари (махсус иқтисодий зоналар тугатилгандан кейин ер участкаларининг махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан хусусийлаштириш ҳоллари бундан мустасно);
кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкаларини хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан ер участкаларини хусусийлаштиришда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш яъни сервитут ҳуқуқи белгиланиши мумкин.
Кимлар хусусийлаштириш субъектлари бўла олади?
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ушбу ҳуқуқдан фойдалана оладилар.
Хусусийлаштириш субъекти ҳисобланмайдиган шахслар таркибига эса чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва корхоналари хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланмайдилар.
Ер участкаларини қандай шаклда хусусийлаштириш мумкин?
Хусусийлаштириш субъектлари томонидан ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш орқали ёки ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш ҳисобига хусусийлаштириш мумкин.
Хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш учун тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилади.
Бўш турган ер участкалари ёки давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролар хусусийлаштирилган ер участкаларига бир умр эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларига эга бўлганлиги, қонуннинг тарихий аҳамиятидан далолат бермоқда. Ўз ўрнида ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб ер тўғрисидаги кадекс ва бошқа тегишли қонунчиликларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади.
Махмуджон Зиядуллаев,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири