Бугун, 24 май куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов мазкур қарор аҳамиятига тўхталар экан, қуйидагиларни маълум қилди.

— Ижтимоий тармоқлар орқали кўриб турибмизки, аёлларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўп учраяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 437 нафар аёл шундай муаммолар билан мурожаат қилган.

Президент қарорига асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари ташкил этиладиган бўлди.

Эътиборингизни ушбу қарор моҳиятига кенгроқ назар ташлашга, унинг катта сиёсий ва ижтимоий аҳамиятига қаратмоқчи эдим. Албатта, ушбу ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар – опа-сингилларимизнинг ҳимоясини жиддий кучайтириш ва гендер тенглигини амалда таъминлашга қаратилган навбатдаги катта қадам.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган гендер сиёсатида жуда катта масала – ижтимоий адолатни қарор топтириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш вазифаси ётибди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бошқа жиддий ижтимоий масалалар - оила мустаҳкамлигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш каби вазифалар ечимини осонлаштириши аниқ.

Шулардан келиб чиқиб, гендер тенглигини таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилади.