Ҳужжатли фильм теоретик-кўргазмали маълумотларга таяниб қолмай, асосан, Ўзбекистоннинг туристик потенциалини намойиш этувчи йўналишда бўлади. Унда гиламдўзлик санъати қадимий артефакт сифатида, бугунги кунда ҳам сақланиб, анъанага мувофиқ давом этиб келаётган санъат тури кўринишида очиб берилади. “Гиламлар – тарих пояндози” ҳужжатли фильмининг режиссёри Александр Гамиров, сценарий муаллифи Мавлуда Тошпўлатова, оператор Умид Маликов, фильм директори Гулнора Абдураҳимова.
Съёмка жараёнлари Ўзбекистоннинг гиламдўзлик ривожланган ҳудудларида, шунингдек, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган “Хива Ичан-Қалъа Давлат қўриқхона музейи”, “Ҳунарманд музейи”, “Хива амалий санъат ва хўжалик музейи” ҳамда “Хоразм гиламлари” цехида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, фильмда гилам тўқиш, ипак ва жун ипларнинг бўялиши, табиий бўёқларнинг тайёрланиш жараёни акс эттирилган. Шунингдек, Ўзбекистон музейлари фондида сақланаётган гиламлар ҳамда архив фото, видео материаллардан фойдаланилган. Фильм ижодкорлари Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам суратга олиш ишларини олиб боришган.