Тадбирда масъуллар охирги беш йилда мамлакатда наркотик жиноятлар сони 5 баробарга ошгани, ноқонуний муомаладан олинган моддалар мусодараси эса 67 фоизга кўпайгани, синтетик воситалар мусодараси эса 80 фоизгача ўсганини маълум қилди.

Таъкидланишича, шу йилнинг 10 ойи давомида 12 848 та наркотик жинояти фош этилди. Мусодара қилинган моддалар умумий вазни — 2 тонна 761 кг.ни ташкил қилади.

Мутасаддилар ижтимоий тармоқларда “наркодўкон”лар кўпайганини, айниқса, Telegram орқали гиёҳванд моддалар савдоси кескин фаоллашганини айтиб ўтди. Наркодилерлар махсус яширин каналлар, электрон тўловлар ва сохта аккаунтлар орқали иш юритмоқда. Моддаларни аёллар кийими, косметика ва маиший буюмлар орқали яшириш ҳолатлари ҳам ортган.

Руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров айтишича, сўнгги йилларда 25 минг гиёҳванд, Алкоголга тобелар билан бирга 58 мингдан ортиқ бемор даволанган.

Давлат бу йўналиш учун 12 млрд сўм ажратган, бир беморни тўлиқ даволаш эса тахминан 60 млн сўмга тушади.

ИИВ расмийси Азиз Долихўжаевга кўра, айниқса ёш хотин-қизлар ва болалар орасида наркомания ортиб бораётгани давлат раҳбариятини жиддий ташвишга солмоқда. Шу боис психотроп дориларнинг айланиши ва дорихоналардаги назорат янада кучайтирилади.