Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзатом” агентлиги ҳамда Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ўртасида атом энергетикаси ва унга яқин соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси”, шунингдек, Ўзбекистонда интеграциялашган АЭС қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланди. Ҳужжатларга “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв имзо чекди.

Йўл харитаси АЭС қурилиши босқичлари, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, жамоатчилик билан ишлаш, атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини барпо этиш ҳамда соҳани комплекс ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган.

Шунингдек, Фориш туманида RITM-200N реакторига эга кичик қувватли АЭС энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларига старт берилди. Маросимда АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов ва “Атомстройэкспорт” АЖ вице-президенти Павел Безруков иштирок этди.

Ҳозирги босқичда реактор биноси остига бетон асос тайёрланмоқда. Ушбу жараённи 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган бўлиб, жами 900 куб метрга яқин бетон ётқизилади. Натижада реактор биноси учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга мустаҳкам пойдевор шакллантирилади.

Лойиҳа доирасида станциянинг янгиланган конфигурацияси ҳам тасдиқланди. Унга кўра:

— VVER-1000 (3+ авлод) реакторларига эга 2 та йирик энергоблок;

— RITM-200N реакторларига эга (ҳар бири 55 МВт) 2 та кичик энергоблок қурилади.

АЭС тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 15,4 млрд кВт·соатни ташкил этади. Бу мамлакат умумий электр истеъмолининг 15 фоиздан ортиғини қоплаш имконини беради.

Мутахассислар томонидан ўтказилган экспертиза танланган майдонда фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмик хавф ёки карст жараёнлари мавжуд эмаслигини тасдиқлади. Шу билан бирга, ҳудуд ядровий ва радиациявий хавфсизлик талаблари, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ жавоб бериши қайд этилди.

“Бугун биз Ўзбекистон келажаги учун муҳим қадам қўйдик. АЭС қурилиши бўйича ишлар босқичма-босқич ва энг юқори хавфсизлик стандартларига риоя этган ҳолда амалга оширилмоқда”, — деди “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.

Маълумот учун, мазкур йирик энергетика лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва назорати остида амалга оширилмоқда. У мамлакат энергетик мустақиллигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.